Жаҳон | 14:58 / 11.08.2021
46783
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон пойтахти кутилганидан тезроқ эгалланиши мумкин — ОАВ

АҚШ разведкасининг ҳисоб-китобларига кўра, «Толибон» Афғонистон пойтахти Кобулни 30 кун ичида қамал қилиши ва 90 кун ичида эгаллаб олиши мумкин.

Фото: AFP

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган АҚШ расмийсининг фикрига кўра, Афғонистондаги вазият ёмонлашмоқда. «Толибон» ҳаракати вакиллари мамлакат пойтахти Кобулни 90 кун ичида эгаллаши мумкин. Бу ҳақда Тhe Washington Post нашри хабар бермоқда.

АҚШ разведка ходимларининг маълумотларига таяниб, берилган ахборотга кўра эса айни пайтда Афғонистондаги вазият июнь ойидаги ҳолатга нисбатан анча ёмон. Расмий Кобул ҳукуматининг ағдарилиши яқин бир ой ичида содир бўлиши ҳам мумкин.

«Толибон» сўнгги кунларда тўққизта вилоят марказида ўз назоратини ўрнатганини эълон қилган.

Сўнгги бир кунда ғарбда, Эрон билан чегара яқинида жойлашган Фараҳ вилоятининг шу номдаги маркази, шимолда Бағлон вилояти маркази Пули-Ҳумри (Кобулга 230 км масофада жойлашган) ва Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳри ҳаракат назоратига ўтди.

Ўтган ҳафта охири ва дам олиш кунларида яна олти вилоят маркази - Заранж (Нимрўз вилояти), Шибирғон (Жузжон), Сарипул (Сарипул), Қундуз (Қундуз), Талуқон (Тоҳар) ва Айбак (Самангон) толиблар қўлига ўтганди.

Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси сешанба куни қилган баёнотида «Толибон» мамлакатнинг 65 фоизини назорат остига олганини маълум қилди. Юқори мартабали расмий «Толибон» яна камида 11 вилоят марказига таҳдид солаётганини айтган.

Reuters Ғарб хавфсизлик тизими амалдорининг «Толибон» ҳужумларидан кўплаб одамлар пойтахт Кобулга қочгани ҳақидаги фикрларини ҳам келтиради. «Қўрқув уйғотиш ва одамлар шаҳарни тарк этиши учун дипломатик ҳудудларга кириб бориб, ўз жонига қасд қиладиганларнинг мавжудлиги ҳаммани даҳшатга солмоқда», дейди у.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг айтишича, «Толибон» ҳужумлари 2020 йилги келишув руҳига зиддир.

Чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Прайс «Толибон» «доимий ва кенг кўламли ўт очишни тўхтатиш» учун тинчлик музокараларини юритиш мажбуриятини олганини, аммо воқеалар ушбу мажбуриятга қарши ривожланиб бораётганини таъкидлади: «Ҳамма аломатлар «Толибон»нинг урушда ғалаба қозонишга интилаётганидан далолат беради».  

АҚШ президенти Жо Байден АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарори муҳокама қилинмаслигини таъкидлаб, афғонларнинг ҳарбий жиҳатдан заиф ҳаракатларига қарамай, 20 йиллик кампанияни тугатиш ҳақидаги қароридан пушаймон бўлмаётганлигини айтиб ўтган.

«Биз 20 йил давомида триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфладик, 300 мингдан ортиқ афғон кучларини ўқитдик ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминладик. Энди Афғонистон раҳбарлари бирлашиши керак», деган Байден.

Мавзуга оид