Ўзбекистон | 18:43 / 11.08.2021
1116
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қарздор ота фарзандлари учун 50 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд шаҳрида яшовчи ота фарзандлари учун 50 миллион сўм алимент тўлаб берган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари Самарқанд шаҳар судининг қарорига асосан қарздор А.Х.дан ундирувчи М.С.нинг фойдасига уч нафар фарзанди таъминоти учун даромаднинг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташликотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан унинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Ушбу ижро ҳужжати юзасидан қарздор анча вақтдан буён алимент пулларини тўламасдан келгани сабабли, алимент қарзи 50 миллион сўмни ташкил этган.

Даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари томонидан қарздор А.Х. билан тушунтириш ўтказилган. Фарзандларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани унга тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзандларининг таъминотини ўйлаб, 50 миллион сўм алимент пулларини тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид