Жаҳон | 22:32 / 14.08.2021
10657
1 дақиқада ўқилади

Толиблар яна иккита вилоят марказини эгаллади

Толиблар матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг маълум қилишича, мамлакат шарқидаги Гардез шаҳри ҳам ҳаракат аъзолари назоратига ўтган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Афғонистон шимоли-ғарбидаги Фарёб вилояти маркази Маймана шаҳри «Толибон» жангарилари назоратига ўтди. Бу ҳақда толиблар вакили Қори Аҳмадий ўз твиттерида маълум қилди.

Афғонистон расмий ҳукумати ҳозирча бу хабарга изоҳ бермади.

Толиблар матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг маълум қилишича, мамлакат шарқидаги Гардез шаҳри ҳам ҳаракат аъзолари назоратига ўтган.

Жангарилар Афғонистон миллий армиясининг 203-корпусини қўлга киритган.

«Корпус назорат остида, мужоҳидлар кўплаб қурол, техника ва ускуналарни қўлга киритди», — деб маълум қилган толиблар вакили.

Аввалроқ толиблар вилоят қамоқхонаси эгаллангани, бир неча юз маҳбус озодликка чиқарилганини билдирган.

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, ҳозирда Балх вилояти маркази бўлган Мозори Шариф атрофида қақшатқич жанглар бўлиб ўтмоқда.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид