11:51 / 15.08.2021
115208

Муфтий Усмонхон Алимов вафот этди

Москвага даволаниш учун олиб борилган муфтий Усмонхон Алимов оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 71 ёшида вафот этди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитадаги манбалар бу маълумотни Kun.uz'га тасдиқлади.

Ҳозирда муфтий туғилиб ўсган Самарқанд вилоятида дафн маросимига тайёргарлик кўрилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийнинг саломатлиги тўғрисида интернетда тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, Усмонхон Алимов саломатлигини яхшилаш учун Москвада даволаниш муолажаларини олаётганини билдирган эди.

Жамоатчиликни асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган хабарларни тарқатмасликка чақирган идора муфтийнинг саломатлиги барқарор эканлигини билдирганди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтий Усмонхон Алимов Москвада ўпка-қон томир касалликлари муолажасини ўтаётгани ва малакали шифокорлар барча зарурий чора-тадбирларни амалга ошираётгани ҳақида баёнот берди.

Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида таваллуд топган. 1982—1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983—1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989—1990 йилларда эса Марокашнинг «Каравийн» дорилфунунида таҳсил олган.

Усмонхон Алимов Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980—1982 йилларда имом-ноиб, 1987—1989 йилларда, сўнгра яна 1990—2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.

2000—2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби сифатида ишлаган. 2006 йилдан то ҳозирга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётган эди.

Top