19:21 / 16.08.2021
54547

Иштихонда муфтий Усмонхон Алимовнинг жаноза намози ўқилди

Бугун, 16 август куни Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани Орлот қишлоғидаги “Эшони Темирхон Тўра” жоме масжидида муфтий Усмонхон Алимовнинг жаноза намози ўқилди ва таъзия маросими бўлиб ўтди.

Фото: Мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Усмонхон Алимовни сўнгги манзилга кузатиш маросимида таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, марҳумнинг қариндошлари, дўст-биродарлари, шогирд ва мухлислари ҳамда бутун Ўзбекистоннинг турли жойидан келган ҳамюртларимиз иштирок этди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган ойда даволаниш учун Москвага олиб борилган муфтий кеча, 15 август куни 71 ёшида оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

16 август куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бир гуруҳ амалдорлар таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Шунингдек, дунё бўйлаб кўплаб уламолар, хусусан етук муҳаддис олим, шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад Аввома ҳазратлари, марокашлик олим, профессор Ҳамид Лаҳмар, албаниялик профессор, имом Ромиз Мустафо Закоий, Бутун дунё мусулмон жамиятлари Кенгаши раиси – доктор Алий Нуаймий, Кенгаш бош котиби доктор Муҳаммад Башорий жаноблари, Кенгашнинг бошқа барча аъзолари, Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси директори доктор Назир Муҳаммад Айяд, шунингдек, Чеченистон давлат раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида таваллуд топган. 1982–1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983–1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989–1990 йилларда эса Марокашнинг «Каравийн» дорилфунунида таҳсил олган.

Усмонхон Алимов Паяриқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980–1982 йилларда имом-ноиб, 1987–1989 йилларда, сўнгра яна 1990–2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.

2000–2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби сифатида ишлаган. 2006 йилдан то ҳозирга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётган эди.

NeZghW8NrgD9ny5lQWyOa8kbGhtEuhFO.jpg (1280×960)

Top