Жаҳон | 12:46 / 16.08.2021
56939
5 дақиқада ўқилади

Кобул аэропортида хаос: минглаб одамлар учиб кетишни истамоқда, аммо рейс йўқ

15 август куни «Толибон» кучлари пойтахтга киргач, кобулликлар мамлакатни тарк этишга шошилди. Толиблар тинч аҳолининг хавфсизлиги кафолатланишига ваъда бераётган бўлса-да, минглаб афғонлар шаҳардан учиб кетиш учун аэропортга ёпирилган, бу ҳолат 16 август куни ҳам сақланиб қолмоқда.

Фото: Getty Images

Юзлаб кишилардан иборат оломон Кобул аэропортининг учиш майдонига ёриб кирган, AFP агентлиги хабарига кўра, америкалик ҳарбийлар огоҳлантирувчи ўқлар уза бошлаган.

BFM телеканали гувоҳларнинг видеоёзувларини эълон қилган, унда юзлаб кишилар тўсиқларни бузиб ўтиб, самолётлар трапларига чиқиб олишга уринаётгани акс этган, бу фонда ўқ овозлари эшитилади.

Аэропорт маъмурияти воқеа жойига келмаган - айни вақтда барча тижорий рейслар бекор қилинган.

Кобул аэропортида бир неча киши ҳалок бўлди
Wall Street Journal нашри хабар беришича, Кобул аэропортининг йўловчилар терминалидаги отишма оқибатида уч киши ҳалок бўлган. Al Arabiya эса қурбонлар сони беш нафарлигини айтмоқда.

Минглаб афғонистонликлар мамлакатни тарк этиш умидида аэропортга оқиб келишда давом этмоқда.

Нашрнинг ёзишича, гувоҳлар қонга беланган жасадлар терминал полида ётгани ҳақида хабар беришган. Америкалик ҳарбийлар ҳозирча ҳолат юзасидан изоҳ бермади.

Аввалроқ, оломон аэропортнинг учиш майдонига ёриб киргач, америкалик ҳарбий хизматчилар огоҳлантирувчи ўқлар узишгани маълум қилинганди.

Тижорий рейслар вақтинчалик тўхтатилган
Якшанба куни НАТО хавфсизлик нуқтайи назаридан халқаро авиакомпанияларга Кобул аэропортидан йўловчи рейслар амалга ошириш вақтинча тақиқланганини маълум қилганди.

Ҳозирда аэропортдан фақат ҳарбий самолётлар учишига рухсат берилмоқда.

Британиянинг British Airways авиакомпанияси Афғонистон устидан учишни вақтинча тўхтатганини маълум қилган. Ирландиянинг KLM компанияси раҳбарияти ҳам шундай кўрсатма берган, Бангкок ва Сингапур йўналишида учувчи йўловчилар Афғонистонни айланиб ўтиш зарурати туфайли парвоз вақти узайишидан огоҳлантирилмоқда.

Бугун Американинг United Airlines авиакомпанияси ҳам шундай қарорга келди - самолётлар Афғонистон ҳудудини айланиб учади.

Қайд этиш керакки, бу мамлакатнинг янги ҳукумати учун навбатдаги ёқимсиз ҳолат - Афғонистон Ислом амирлиги ҳаво ҳудудидаги парвозлар учун келадиган тушумнинг катта қисмидан маҳрум бўлиши мумкин.

Кобул аэропортидаги хаос
Яқин кунлар давомида Ғарб мамлакатлари фуқаролари ва дипломатлари эвакуацияси учун плацдарм вазифасини ўтовчи Кобулдаги аэропортда рўй бераётган ҳодиса гувоҳларидан бири BBC билан суҳбатлашди.

«Учишлар залида аэропортга келган амалдорлар ва депутатлар учун махфий равишда учиш талонлари тўғрилаб берилгани ҳақида миш-миш тарқалгач, бу ерда ҳақиқий тартибсизликлар бошланди.

Мен уч нафар собиқ депутат, бир неча вазир ўринбосарлари ва бошқа таниқли шахслар навбатда турганини кўрдим. Улар олдиндан брон қилишмаган. Биз саккиз соат давомида кутиб турдик, кейин аэропорт ходимлари кета бошлади...

Тарқалган миш-мишлар туфайли вазият хаосга айланиб кетди.

Йўловчиларнинг бир қисми аэропортни тарк этди, қолганлар самолётларга чиқариш ҳудуди томон йўл олди. Паспорт назорати хоналарида ҳеч ким йўқ эди, ўтказиш турникетлари эса синиб ётганди.

Багажни текширадиганлар ҳам жойида эмас, биз осонгина чиқиш эшиклари томон бордик, гейт ва самолётлар турадиган ҳудуд ўртасидаги шишали эшиклар синдириб ташланганди. Одамлар аэропортдаги сўнгги самолёт томон чопишди (биз чиқишимиз керак бўлган аввалги самолёт аллақачон амалдорларни олиб учиб кетганди).

Яна бир рейс бор эди, одамлар унга чиқиш учун ҳақиқий ҳаракат қилишарди, тиқилинч юзага келди.

Биз ортга қайтдик ва йўлда кўплаб одамлар учиш-қўниш йўлаги яқинидаги самолёт қанотлари остида ўзларига ҳам жой тегишидан умид қилиб ўтиришганига гувоҳ бўлдик. Одамлар шокда эди - ҳамма бир самолётдан бошқасига қараб чопар, нима қилишни билишмасди.

Биз ташқарига чиқиб, машинага ўтирдик, бу ерда қуролланган қўриқчилар турарди. Одамлар умидсизликка тушган; кимдир аэропорт ичкарисига югурар, кимдир у ердан чопиб чиқарди. Аэропорт қўриқчилари одамларни тарқатиш учун ҳавога ўқ узишни бошлади. Бир неча дақиқа ўтиб аэропортга олиб борувчи йўлда эшиклари очиқ қолдирилган бир неча полиция автомобилларини кўрдим. Ҳар томондан ўқ овозлари келиб турар, ҳавода вертолётлар учарди».

АҚШ Давлат департаменти Кобулдаги элчихона ходимларини аэропорт ҳудудига эвакуация қилиш жараёни якунига етгани ҳақида маълум қилган. Пентагон вакили АҚШ яқин вақтлар ичида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ҳарбийлар сонини 6 мингга ошириши ҳақида маълумот берган.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШнинг ўнлаб ҳарбий транспорт самолётлари америкалик дипломатлар, НАТО ходимлари ва Ғарбга толибларга қарши курашда ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш учун йўналтирилган.

Бундан ташқари, ушбу амалиётга Британиянинг 10та, Канаданинг 4та самолёти ҳам жалб этилган. Яқин соатларда Германия ва Испания самолётлари ҳам келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид