18:05 / 17.08.2021
5483

“Ўзбекгидроэнерго”: Чирчиқда қурилаётган “Камолот” ГЭСга пресс-тур ташкил этилди

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри Чирчиқ-Бўзсув трактида янгидан бунёд этилаётган “Камолот” ГЭСида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-турда ОАВ вакиллари “Камолот” ГЭСида олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Мутахассислар иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида ГЭС қурилиши билан боғлиқ барча саволларига жавоб олишди.

Маълумот ўрнида, мамлакатимизда 2017 йилгача жами ГЭСлар 36 та бўлган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич микро ГЭСларни қўшиб ҳисоблаганда 49 га етказилди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган “Зарчоб-2” ва “Камолот” ГЭСлари ишга тушса, юқорида келтирилган кўрсаткич қарийб 51 тага етади.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида қурилаётган кўплаб ГЭСларимиздан бири Чирчиқ шаҳрида барпо этилаётган, Чирчиқ-Бўзсув трактида жойлашган янги “Камолот” ГЭСидир.

Ушбу ГЭСнинг қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги 3461-сон қарори асосида, умумий қиймати 22,6 млн долларга, қуввати 8.6 МВт ни (2.15 МВтдан бўлган 4та капсула типидаги гидроагрегатдан иборат) ташкил этади.

Мазкур ГЭСда илк бор тажриба сифатида “капсула” усулидаги гидроагрегатлар ўрнатилади.

Мазкур ГЭСнинг қурилиш ишлари энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш борасида йирик тажрибага эга бўлган, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизим ташкилоти “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” компанияси томонидан, лойиҳа ишлари “Гидропроект” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Ҳозирда ГЭСнинг асосий қурилиш ишлари якунига етган бўлиб, охирги монтаж-созлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу ГЭСнинг асосий ускуна ва жиҳозлари ХХРнинг “Dongfang Electric Corporation компанияси ҳамда “Андридз гидро” томонидан етказиб берилди.

ГЭСнинг афзалликларидан бири автоматик, ақлли, хавфсиз бошқарув тизимига эга.

“Камолот” ГЭСини ўз вақтида топшириш учун ишлар тартибли ва карантин қоидалари талаблари асосида олиб борилмоқда.

Мазкур ГЭС Мустақиллик байрамининг 30 йиллигига халқимизга муносиб туҳфа сифатида топширилади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top