Ўзбекистон | 08:20 / 18.08.2021
2942
2 дақиқада ўқилади

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотлар фаолияти қонунийлаштирилади

«Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Президентнинг 7.12.2020 йилдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4913-сон қарорида назарда тутилган.

Мазкур ҳужжат тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга cолиш билан боғлиқ жамоатчилик билан муносабатларини тартибга солиши, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларни ташкил этиш ва фаолият юритиш, уларга аъзолик (иштирок этиш) ва уларнинг ҳуқуқий мақомини, давлат томонидан тартибга солиш механизмларини белгилаши режалаштирилмоқда.

Лойиҳада қуйидаги тушунчалар берилган: ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот аъзосининг шахсий манфаати, профессионал фаолият, профессионал фаолият субъектлари, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот қоидалари ва стандартлари ва бошқалар.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот – тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрий аъзолигига (иштирокига) асосланган Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган ассоциация (иттифоқ), жамоат бирлашмаси ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги нотижорат ташкилот.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот ихтиёрий ёки мажбурий аъзолик шаклида ташкил этилади.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

  • агар ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан қонунларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот таркибида камида 25 та тадбиркорлик субъектининг ёки маълум бир турдаги камида 100 та профессионал фаолият субъектларининг аъзолари сифатида бирлашиш;
  • ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий бўлган тадбиркорлик ёки профессионал фаолият учун стандартлар ва қоидаларнинг мавжудлиги;
  • ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот томонидан унинг ҳар бир аъзосининг ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) истеъмолчилари ва бошқа шахслар олдида қўшимча мулкий жавобгарлигини таъминлаши.

Мавзуга оид