Жаҳон | 23:37 / 24.08.2021
9703
2 дақиқада ўқилади

Жазоир Марокаш билан дипломатик алоқаларни узди

Фото: AFP

Жазоир 24 августдан Марокаш билан дипломатик алоқаларни узди. Бу ҳақда Жазоир ташқи ишлар вазири Рамтан Ламамра маълум қилди. У Марокашни “душманона ҳаракатлар”да айблаган.

Ламамранинг таъкидлашича, дипломатик алоқалар узилишига қарамай, икки давлат консулхоналари очиқ қолади.

Марокаш подшоҳлиги Жазоир билан шарқда ва жануби-шарқда чегараларга эга. Охирги ўн йиллар давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранг кўриниш олган. Экспертларнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги асосий тортишув Ғарбий Саҳрои Кабир муаммоси ҳисобланади. Қўшни давлатлар бу ҳудуд бўйича қарама-қарши позицияга эга.

Жазоирнинг хавфсизлик бўйича олий кенгашининг ўтган ҳафтадаги йиғилиши якунлари бўйича Марокашнинг душманона ҳаракатлари сабабли у билан муносабатлар қайта кўриб чиқилиши айтилган.

Жазоир, шунингдек, Марокашни “иккита террорчи ташкилот”: Жазоир ҳудудида ҳаракат қилувчи Қабилия мухторияти учун ҳаракат ва “Рашод” ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айблаган. Мамлакат раҳбариятининг фикрича, ушбу ҳаракатлар аъзолари Жазоирда августда юз берган ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарган.

18 июлда Жазоир Марокашдаги элчисини маслаҳатлашувлар учун ортга чақиртириб олганди. Бунга Марокашнинг БМТдаги доимий вакили Умар Ҳилол томонидан Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар орасида тарқатилган расмий нотаси сабаб бўлган. Ҳужжатда Марокаш Жазоир шимолидаги Қабилия халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши таъкидланган. Ҳилолнинг ушбу баёноти Жазоирда “адоватли, хавфли ва иғвогар” деб баҳоланган. Жазоир у бўйича Марокашдан тушунтириш беришни сўраган ва Работ томонидан жавоб бўлмагач, элчисини чақиртириб олган.

Мавзуга оид