Ўзбекистон | 12:48 / 04.09.2021
12252
3 дақиқада ўқилади

“Тошкент” халқаро аэропортида янги учиб кетиш зали фойдаланишга топширилди

3000 кв.м. 12та рўйхатга олиш дарчасидан иборат майдон. 12 йўлакли божхона ва чегара назорати пунктлари. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида янги учиб кетиш зали очилди. У соатига 600 кишига хизмат кўрсатиш имконини беради. Бундан ташқари, 6 йўлакли авиация хавфсизлиги назорати пункти, телескопик трап орқали чиқиш йўлаги ва автобусларга чиқиш учун 2 та дарвоза ҳам барпо қилинган. Қолаверса, Duty Free дўконлари, кафелар йўловчилар хизматига шай. Она ва бола хонаси эса, ота-оналар оғирини енгил қилиши шубҳасиз. Шунингдек, аэропортнинг самолётларга хизмат кўрсатишдан ташқари даромадларини ошириш мақсадида 2000 кв.м майдонни тижорат фаолияти учун тақдим этиш режалаштирилган.

3 сентябр куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида янги учиб кетиш зали фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, ушбу реконструкция ишлари йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилган бўлиб, қурилиш ишлари "О‘zpromkholodmontaj" МЧЖ томонидан бажарилган.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими бу халқаро аэропорт хорижлик сайёҳларда жуда яхши таассурот қолдириши ва бунинг ортидан уларнинг сони янада ортишига тилак билдирди.

Қайд этилишича, “Тошкент” аэропорти халқаро йўналишлар учиб кетиш залини реконструкция қилиш ишларининг иккинчи босқичи жорий йил октябр ойида бошланади ва 2022 йилнинг май ойида якунланади.

Қурилиш ишларида қўлланилган замонавий технологиялар ва янги учиш залининг оптимал функционаллиги, шубҳасиз, йўловчиларга парвоздан олдин юқори сифатли хизмат кўрсатиш ва пойтахт аэропортида вақтни мароқли ўтказиш имконини беради.

Маълум қилинишича, ушбу учиб кетиш зали октябр ойига қадар тест режимида ишлайди. Октябр ойидан тўлиқ тартибда хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 10 июлда И. Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида халқаро йўналишлар терминалига олиб борувчи эстакада бўйлаб автотранспорт ҳаракати йўлга қўйилган эди.

Мавзуга оид