21:57 / 09.09.2021
6249

Бой америкаликлар бир йилда 163 миллиард доллар солиқ тўламаганлиги аниқланди

Фото: The New York Times

АҚШ молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботда АҚШнинг бир фоиз энг бой одамлари бир йилда 163 млрд доллар солиқ тўламагани маълум қилинди. The New York Times нашрининг ёзишича, бунга қарши чоралар кўрилмаса, унда солиқ тўланмаслигидан кўриладиган зарар яқин 10 йил ичида 7 триллион долларни ташкил этади.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти нопок солиқ тўловчиларга қарши кураш олиб бормоқда. Ҳукумат бу мақсадда АҚШ солиқ хизматига 80 млрд доллар ажратмоқчи. Ушбу маблағлар давлат ғазнасига солиқ тўламасликка имкон берувчи схемаларни аниқлаб, уларга чек қўйишда ёрдам берувчи ходимлар штатини кенгайтиришга сарфланади.

Ҳисобот муаллифи Наташа Сариннинг таъкидлашича, солиқ хизмати бой америкаликларга нисбатан солиқ қонунчилигини тегишли равишда қўллаши учун минглаб варақ мураккаб солиқ декларацияларини расшифровка қила оладиган профессионалларни ёллаши лозим.

Бироқ республикачилар партияси ва бизнес-лобби вакиллари бу ғояга шубҳа билан қарашмоқда. Уларнинг фикрича, солиқ хизмати ваколатларини кенгайтиришга қаратилган чоралар фуқароларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш ҳисобланади.

Байден иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича 3,5 трлн долларлик чоралар пакетини қабул қилмоқчи. Ушбу режа бой америкаликлар ва йирик корхоналар учун солиқ қийматини ошириш ҳисобига амалга оширилмоқчи. Бироқ АҚШнинг амалдаги солиқ қонунчилигида бадавлат одамларга солиқдан қочиш имконини берувчи “туйнуклар” мавжуд. Улардан бири ҳаётни суғурталаш хусусий полислари бўлиб, бунда мижозлар киритган маблағларга солиқ солинмайди ва суғурта шартномаси муддати якунлангандан кейин ёки суғурта ҳолати юз берганда пуллар тўлиқ ҳажмда мижозга қайтарилади.

Top