Жаҳон | 08:14 / 10.09.2021
14190
3 дақиқада ўқилади

Францияда Жан-Пол Бельмондо билан видолашиш маросими бўлиб ўтди

Фото: AP

Францияда 6 сентябрь куни 89 ёшида ҳаётдан кўз юмган машҳур актёр Жан-Пол Бельмондо билан видолашиш маросими бўлиб ўтди.

Франция президенти Эмманюэль Макрон бошчилик қилган маросим Ногиронлар уйи фахрий саройида бўлиб ўтди. У ерда актёрнинг катта портрети илиб қўйилди. Маросимга бош вазир Жан Кастекс бошчилигида ҳукумат вакиллари, актёрнинг ҳамкасблари – Канн кинофестивали бош делегати Тьерри Фремо, “Оскар” совриндори Жан Дюжардан, таниқли актёр Сами Насери, Франциянинг собиқ президенти Франсуа Олланд ва унинг рафиқаси актриса Жюли Гайе ташриф буюрди.

Актёр билан видолашиш маросимида унинг 6 набираси ҳам иштирок этди. Улардан бири, 27 ёшли Виктор Бельмондо оила номидан сўз олди. “Бизга шунча қувонч улашганинг учун раҳмат. Ишонаманки, сен ҳар доимгидек ҳозир ҳам табассум қилмоқдасан. Қуёш сўнмайди. Барча ўйларимиз сен ҳақингда, биз сени яхши кўрамиз”, деб айтган актёрнинг набираси.

Фото: EPA

Франция президенти Эмманюэль Макрон марҳум актёрни “экранда минглаб ҳаётларни бошдан кечирган қаҳрамон” деб атаган. “У Францияни яхши кўрарди, даврлар оша ўтди ва барча тўсиқларни бузди. У ўз санъати билан доим янги томошабинлар меҳрини қозониб келган. У абадий ҳаётдир, чунки ўз санъатини янги авлод актёрларига топширди”, деб айтган президент. Шундан кейин фахрий легион зобити бўлган актёр шарафига Франция мадҳияси янграган.

“Биз бирга 60 йил аввал бошлаган кинодаги ҳаётимнинг бир қисми кетди”, деб айтган бошқа бир француз актёри Ален Делон ҳамкасбини хотиралаб. У соғлиғи сабабли маросимда иштирок эта олмаган. “Жан-Пол ҳақида ўйлаганимда гўёки акамни йўқотгандекман”, деб айтган таниқли кинорёжиссер Клод Лелуш.

Француз матбуотининг ёзишича, “Бельмондонинг номи узоқ йиллар давомида кинофильмларга муваффақиятни кафолатлаган”.

Маҳаллий вақт билан соат 19:30 да маросим якунлангач, Ногиронлар уйи актёр билан видолашишни истаган барча учун очиқ бўлади. Таъкидланишича, баъзилар бу онларни эрталабки соат 7 дан бери пойламоқдалар.

Фото: EPA

10 сентябрда Сен-Жермен-де Пре черковида актёрнинг оила аъзолари иштирокида тор доирада унинг дафн маросими бўлиб ўтади.

Бельмондо 15 йил аввал инсультни бошдан кечиргач, саломатлиги ёмонлашиб, кинодаги фаолиятини вақтинча тўхтатган ва омма олдида камдан кам кўриниш берган. Французлар уни “миллий бойлик” деб аташган. Актёр билан учрашишга муваффақ бўлганлар унинг камтаринлигидан ҳайратланишган ва уни “дўст ёки оила аъзоси” деб аташган. 

Бельмондо кинодаги фаолиятини 1957 йилда бошлаган. У 80дан кўпроқ фильмда роллар ижро этган ва уларнинг аксариятида мураккаб трюкларни ўзи бажарган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид