Ўзбекистон | 10:44 / 10.09.2021
995
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қарздор ота фарзандлари учун 103 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида қарздор ота икки нафар фарзанди учун 103 миллион сўм алимент тўлаб берган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2014 йил 11 сентябрдаги қарорига асосан қарздор М.С.дан ундирувчи Н.Р.га икки нафар фарзанди моддий таъминоти учун даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан ижро ҳужжати МИБ Паст Дарғом туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Ушбу ижро ҳужжати юзасидан қарздор анча вақтдан буён алимент пулларини тўламасдан келгани сабабли алимент қарзи 103 миллион 892 минг сўмни ташкил қилган.

Қайд этилишича, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Улардан олинган маълумотларга асосан қарздор отанинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари қарздор М.С. билан суҳбат ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзандлари таъминотини ўйлаб, 103 миллион 892 минг сўм алимент пулларини тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид