Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕХҲТ вакили: “ОАВ эркинлигига эришиш – узоқ давом этадиган жараён”
Тошкентда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 23-Марказий Осиё конференцияси бўлиб ўтмоқда. Конференция мавзуси – “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий қадрини ошириш”.
Kun.uz тадбир доирасида ЕХҲТнинг медиа эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро билан қисқа суҳбатда бўлди.
— Ўзбекистондаги сўз эркинлигига қандай баҳо берасиз?
— Жуда қизиқ савол. Мамлакатда матбуот эркинлигини таъминлаш – бу узоқ давом этадиган жараён. Бу ерда мен учун қизиқ бўлган нарса шундаки, Ўзбекистон бу жараён билан шуғулланмоқда. Баъзи ислоҳотлар амалга оширилди, жуда муҳим қадамлар қўйилди, шунинг учун мен сизларнинг тўғри йўлда эканингизга тўлиқ аминман. Ишончим комилки, Ўзбекистон фуқаролик жамияти ва ҳукумат ёрдами билан эркин оммавий ахборот воситаларига эга бўлади.

— Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги борасида қандай фарқларни айтиб бера оласиз?
— Биз оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос ижтимоий соатлар эканини унутмаслигимиз керак, шунинг учун ҳам ҳар хил медиа соҳаларига ҳар хил контекст тўғри келади. Уларни солиштиришдан маъно йўқ, чунки уларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд ва бу нормал ҳолат. Жамоалар бошқача бўлгани, қолаверса мамлакатлар бошқа-бошқалиги боис контекст ҳам жуда ўзига хосдир.
Уларни таққослаш фойдали, деб ўйламайман. Шуни айтишим мумкинки, Европадаги вазият ҳам жуда силлиқ эмас. Оммавий ахборот воситалари эркинлиги нафақат бу минтақада, балки барча мамлакатларда энг долзарб мавзу. Биз ЕИнинг барча ҳудудларида ўзига хос қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Демак, бу минтақа, хусусан, Марказий Осиё ва Мўғулистон ҳам бошқа мамлакатлардан фарқ қилмайди. Бизлар барчамиз ҳар хилмиз, лекин фақатгина сизлар қийинчиликларга дуч келаётганларингиз йўқ. Мураккабликлар, худди Ўзбекистонда бўлгани каби ҳамма жойда мавжуд. Европа ҳам баъзи қийинчиликларга дуч келмоқда, бунга популизм, ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ ҳолатлар мисол бўла олади.
Биласизми, жамиятнинг қандайдир қутбланиши каби жиҳатлар ишончим комилки, Европада бўлгани сингари бу ерда ҳам бор. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча механизмлар ва воситалардан фойдаланиш, менимча, энг муҳимидир.

— Сўз эркинлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон ҳукуматига қандай тавсиялар бера оласиз?
— Вазифаларимга кўра, энг муҳим мажбуриятларимдан бири – медиа конференциядаги иштирокчи давлатларга амалий кўмак беришдан иборат. Албатта, биз бунга тайёрмиз ва манфаатдормиз. Ўзбекистон ҳукумати қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасида қатор ислоҳотларни ўтказмоқда. Бу биринчи қадам. Шу билан бирга, судга мурожаат қилиш имкониятлари ва бошқа алоқадор масалаларни ошкора ва аниқ амалга оширишни таъминлашингиз керак. Менимча, бу бир танганинг икки томонидек гап.
***
Конференцияда сўз олган“Журналист ва блогерлар учун юридик клиникаси” юрист-консултанти Мадина Турсунова ўзбек журналистлари ҳуқуқий билимларини ошириш зарурлигини қайд этди.
“Журналистларга ҳуқуқий маслаҳат берувчи шахс сифатида медиа соҳамиздаги ўзгаришларни кузатиб боряпман. ОАВ сони кўпайгани, улар бераётган контент турли-туманлиги ва мазмуни ортгани, долзарб бўлган мавзулар олиб чиқилаётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Шу билан бирга, ҳозирги кундаги асосий муаммо – контент сифати.
Афсуски, медиа соҳамиздаги мавжуд контент етарли эмас. Контент сифатини ошириш керак, бунинг учун журналист ўз устида ишлаши лозим, манбаларни қидириши талаб этилади. Умуман олганда жамиятга керакли бўлган ахборотни, маълумотни етказиб бериш зарур.
Медиа соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассисларга тавсия эмас, таклиф билдирардим. Улар ўзларининг ҳуқуқий савиясини ошириши, ҳуқуқий мажбуриятларини билиши ҳамда ўша ҳуқуқий ва этик жиҳатларга мос равишда фаолиятларини олиб бориш орқали сифатли журналистик материалларни тайёрлашни таклиф қилган бўлардим”, – дейди Мадина Турсунова.
Мавзуга оид
09:32
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
10:24 / 03.06.2026
Саида Мирзиёева ЕХҲТ бош котиби Феридун Синирлиўғлу билан учрашди
19:26 / 21.05.2026
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
13:42 / 16.03.2026