Жаҳон | 23:59 / 11.09.2021
64001
22 дақиқада ўқилади

Дунёни ўзгартирган кун. 11 сентябрь терактлари хронологияси

Йигирма йил муқаддам дунё ўзгарганди. 2001 йил 11 сентябрида террорчилар томонидан эгаллаб олинган самолётлар АҚШнинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий қудрати рамзлари бўлган биноларга бориб урилганди.

2996 киши ўлимига сабаб бўлган 11 сентябрь воқеалари АҚШ ҳудудида содир этилган энг йирик террорчилик ҳужумлари бўлиб, унинг оқибатлари ҳалигача йўқолгани йўқ.

Айнан шу ҳужумдан кейин АҚШ «террорга қарши уруш» бошлади ҳамда Афғонистон ва Ироққа бостириб кирилди.

Америкаликларнинг бутун бир авлоди, нафақат улар, балки бутун дунёдагилар ўша куни ҳужумлар ҳақида эшитганида қаерда ва нима қилаётган бўлганини аниқ эслашади.

BBC дунёни ўзгартирган ўша тонгдаги 149 дақиқа давомида содир бўлган воқеалар кетма-кетлигини келтирди.

07:59

11 American Airlines (AA11) рейси Бостондаги Логан халқаро аэропортидан Лос-Анжелесга учади. Бортда учувчи, иккинчи учувчи ва тўққиз нафар борт кузатувчилари бор эди.

81 йўловчидан беш нафари мисрлик Муҳаммад Атто бошчилигидаги самолётни гаровга олган террорчилар эди.

Парвознинг илк дақиқаларидаёқ ҳужум режаси амалга оширилиши бошланади.

Бу режа беш йил муқаддам Афғонистонда, «Ал-Қоида» базасида ишлаб чиқилганди.

Ғоя покистонлик жангари Холид Шайх Муҳаммадга тегишли бўлган. Унинг бошига жангариларни учувчиликка ўргатиб, улар эгаллаб олган самолётни бошқарилувчи ракетага айлантириш фикри келиб қолганди.

Холид Шайх Муҳаммад ва «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин - 11 сентябрь терактлари илҳомчилари

Режа «Ал-Қоида» раҳбари, саудиялик миллионер, 90-йиллардаёқ Америка махсус хизматлари эътиборига тушган ва терактлардан кейин жаҳоннинг биринчи рақамли террорчисига айланган Усама бин Лодин томонидан маъқулланади.

08:14

Бостондаги аэропортнинг бошқа терминалидан Лос-Анжелесга 175 United Airlines (UA175) рейси бортдаги 56 йўловчи ҳамда экипажнинг 9 аъзоси билан учишни бошлайди.

Бу самолётда ҳам йўловчиларнинг беш нафари - самолёт ўғрилари эди.

Бу вақтда AA11 рейсидаги террорчилар экипаж кабинасига бостириб кириб, биринчи самолётни бошқара бошлаганди.

Аввалига икки борт кузатувчисига биринчи классда учган террорчилар томонидан пичоқ билан тан жароҳати етказилади. Кейин самолётни бошқаришга ўргатилган Атто у ердан шериги ҳамроҳлигида бизнес-классга йўл олади. Яна бири йўловчи Дэниел Левинни ўлдиради.

Тўрт йил Исроил армиясида хизмат қилган Левин Аттонинг рўпарасида ўтирган эди. У террорчилар самолётни гаровга олишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида ўлдирилгани айтилади.

Олиб қочилган самолётларда экипаж аъзолари ва йўловчиларга салоннинг орт қисмига ўтиш буюрилади. «Ал-Қоида» жангариларида газ баллончалари бўлган, улар ўзларида йўқ бомба билан йўловчиларни қўрқитган.

Стюардесса Бетти Онг American Airlines’нинг бронлаш маркази билан боғланиб, AA11 рейси гаровга олинаётгани ҳақида огоҳлантиришга улгуради.

08:20

American Airlines авиакомпаниясининг 77 (AA77) рейси Вашингтондаги Вашингтон-Даллес халқаро аэропортидан экипажнинг олти аъзоси ва 58 йўловчи (бу ерда ҳам беш террорчи) билан ҳавога кўтарилади.

Бу самолёт ҳам Лос-Анжелесга учаётганди.

Бу тасодифий эмасди: қўлга олинган тўрт рейс Американинг бу соҳилидан нариги соҳилигача учиши керак эди, шу туфайли самолётларга ўн минглаб тонна (43 000) ёнилғи ортилганди.

Террорчилар қўлида самолётлар бошқарилувчи ракеталарга айланади.

08:24

Атто йўловчилар билан боғланишга уриниб, бошқа кнопкани босиб юборади ва хатолик туфайли Бостондаги авиадиспетчерларга самолёт олиб қочилгани ҳақида маълумот беради.

У бир эмас, бир неча самолёт эгалланганини ҳам айтади.

Авиадиспетчер нима бўлаётганини тушунишга уринаётганида Аттодан иккинчи хабар келади ва шубҳага ўрин қолмайди: AA11 рейси олиб қочилганди.

Бу вақтга келиб жиноятчилар самолёт транспондерини (самолёт турган жой - курс, тезлиги ва қандай баландликда экани ҳақида маълумот берувчи коммуникация узатувчи қурилма) ўчириб қўйишади ва бу самолётни излаш ишларини қийинлаштиради.

Самолёт олиб қочилгани ҳақидаги маълумот АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (Federal Aviation Administration — FАА) ва Ҳаво ҳаракатларини бошқариш бўйича ҳукумат агентлиги бўлимлари бўйлаб айлана бошлайди.

Ўн беш дақиқадан кўпроқ вақт ўтганидан кейингина FAA ва авиакомпания раҳбариятига Аттонинг сўзларининг ҳақиқий мазмуни етиб боради: «Бизда бир неча самолёт бор».

Бу вақтда мамлакат бўйлаб авиарейслар одатдагидек парвозларни давом эттираверади. Улар орасида - тўртинчи ва ўша куни ўғирланган сўнгги самолёт ҳам бор эди.

08:42

United Airlines авиакомпаниясининг 93 (UA93) рейси Нью-Жерсидаги Ньюарк аэропортидан Сан-Франциско йўналиши бўйича парвозга чиқади.

Самолёт соат 8:00да ҳавога кўтарилиши керак эди, аммо тонгда аэропорт гавжумлашиб, парвоз кечикади.

Бу самолётни нишонга олиб боришнинг уддасидан чиқа олишмаган ва бунда рейснинг кечикиши ҳам ўз ролини бажарган.

Аммо яна бир ҳал қилувчи омил бор эди. Рейс экипажнинг 7 аъзоси ва 37 йўловчи билан учади, бошқа самолётлардагидан фарқли равишда бу самолётда йўловчилардан беш эмас, тўрт нафари террорчилар эди.

UA93 кўтарилаётган пайтда иккинчи самолёт - UA175 - ҳавода гаровга олинади.

08:44

Биринчи самолёт - AA11 рейси олиб қочилишидан ярим соат вақт ўтиб Нью-Йорк осмонига кириб келади.

Осмон булутсиз эди, атрофда бошқа самолётлар бўлмаган: авиадиспетчерлар рейс Жон. Ф. Кеннеди номидаги халқаро аэропортга қараб учяпти деб ўйлашади ва бошқа самолётлардан унга йўл бериш сўралади.

Борт кузатувчиси Мэдлин Суини таваккал қилиб рўй бераётган барча ўзгаришлар хусусида American Airlines’нинг парвозлар хизмати бўйича менежери Майкл Вудвордга тахминан 15 дақиқа давомида телефон орқали хабар бериб туради.

AA11 рейси пастлай бошлайди, аммо у JFK аэропорти томон кетмаётганди. «Нимадир тўғри эмас. Биз тезлик билан шўнғияпмиз», дейди Суини.

Вудворд Суинидан ойна орқали ташқарига қараб, самолёт тахминан қаерда эканини аниқлашни сўрайди.

Суини дейди: «Биз жуда паст учяпмиз. Жуда, жуда паст. Биз жуда пастликдамиз».

Бир неча сония ўтади: «Ё худойим, биз жуда ҳам пастда учяпмиз!»

Алоқа узилади.

08:46

AA11 рейси ўттиз йил мобайнида Нью-Йорк шаҳри кўринишининг ажралмас қисми бўлиб келган Жаҳон савдо марказининг 110-қаватли Шимолий минорасига урилади.

Ҳеч ким ҳеч нарса тушунмасди.

Биринчи самолёт яқинлашиб келаётганини кўрганида Констанс Лабетти Жанубий миноранинг 99-қаватида эди.

«Мен карахт ҳолатда эдим. Мен қимирлай олмадим. Мен қимирлай олмасдим. Мен самолёт сония сайин яқинлашиб келаётганига қараб турардим. Мен самолёт дум қисмида «АА» ҳарфларини ва кабинанинг тонировка қилинган ойналарини кўрдим. Мен шунчалик яқинда эдим», дейди у.

Жаҳон савдо марказининг Шимолий минораси зарбадан кейин

Лабетти Шимолий минорага зарба бақириш овозидек эшитилгани ҳақида айтади: «Мен бу лаҳзаларда базўр нафас олар, бинодаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлишини англай олмасдим».

Зарба бинонинг 93-қаватдан 99-қаватгача бўлган қисмига тўғри келади, бир лаҳзада юзлаб кишилар жон беради.

Зарба натижасида 92-қаватдан юқоридаги барча зиналар тўсилиб қолади ва яна юзлаб кишилар қопқонга тушади.

Авария вақтида самолётдаги ёнилғи оловли шарга айланиб, лифт устунларидан бири бўйлаб ҳаракатланиб қуйи қаватларгача етиб боради.

Айрим жойларда ҳарорат 1000 даражага етади, нафақат Шимолий, балки Жанубий миноранинг юқори қаватлари ҳам қуюқ қора тутун билан қопланади.

Ички алоқа тизими барчага ўз жойларида қолиш ҳақида кўрсатма беради, аммо Лабеттининг Aon Corporation’даги раҳбари Рон Фацио барчага зудлик билан зиналар орқали бинони тарк этишни буюради.

Бу қарор ўнлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолади.

08:47

АҚШ президенти Жорж Буш Флорида штатининг Сарасоте шаҳарчасида Эмма Э. Букер номидаги мактабнинг бошланғич синфига киришга ҳозирланаётганди. Унга шу вақтда «катта бўлмаган икки моторли винтли самолёт» эгизак бинолардан бирига урилгани ҳақида хабар беришади.

Бушга ҳозирча қўшимча маълумот йўқлигини айтишади ва у синфга кириб, болалар билан мулоқот қила бошлайди.

Президент Бушга дастлаб бинога кичик самолёт урилгани ҳақида хабар қилишганди

FAA ҳалокатдан 20 дақиқа олдин биринчи самолёт олиб қочилгани ҳақида хабардор бўлган эса-да, бу ҳақда Вашингтондаги бошқа агентликлар ҳам хабардор қилингани бўйича бирор маълумот йўқ.

Оқ уйдагилар ҳам бу ҳақда билишмаган.

Вице-президент Дик Чейни янгиликларни телевидение орқали билади ва унинг реакцияси бутун дунёдаги бошқа миллионлаб кишиларнинг реакциясидан фарқ қилмайди: «Қандай қилиб, жин урсин, қандай қилиб самолёт Жаҳон савдо марказига урилиши мумкин?»

Тахминан шу вақтда учинчи самолёт - AA77 рейси террорчилар бошқарувига ўтади.

08:56

Биринчи зарбадан ўн дақиқа ўтиб Шимолий миноранинг юқори қаватларида олов ва тутундан қочиб яшириниш учун жуда кам жой қолганди.

Айримлар пастга қулай бошлайди ёки синган ойналардан ёки ўзи синдириб сакрайди, уч юз метр баландликдан ерга қулаб чилпарчин бўлишади.

Фожиа янгича тус олади.

09:01

FAA’нинг Нью-Йоркдаги ҳаво ҳаракатини бошқариш марказида буткул хаос юзага келади. Иккинчи самолёт, UA175 рейси ҳеч қандай қаршиликсиз учиб, шаҳар устига кириб келади, ҳолбуки унинг транспондери ўчирилмаган, самолётнинг ўзи курсдан бироз четга чиққанди.

FAA’га яна бир самолёт ўғирланган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар етиб келганида ҳаракатланиш учун жуда кеч бўлганди.

09:03

UA175 Жаҳон савдо марказининг Жанубий минорасига, 77- ва 85-қаватлар оралиғига келиб урилади.

Биринчи зарбадан кейин эндигина 17 дақиқа ўтганди.

Пастда Нью-Йорк тарихидаги энг йирик қутқарув амалиётига тайёрланишаётганди.

Констанс Лабетти иккинчи самолёт Жанубий минорага урилганида ҳамон зиналар бўйлаб ҳаракатланаётганди.

«Менимча, овозни эшитганимда эндигина 72- ёки 75-қаватга етгандим, биз кучли шовқин овозини эшитдик ва ҳис қилдик. Одамлар зинадан пастга қулай бошлашди. Худди кимдир бинони силкитаётгандек эди. Мен зина суянчиғидан маҳкам ушлаб олгандим, шу туфайли йиқилмадим, аммо кўпчилик зиналар бўйлаб пастга тушиб кетди», дея ҳикоя қилган у 11 сентябрь воқеалари бўйича берган расмий гувоҳлигида.

Лабетти пастга қараб интилаётганида Шимолий минора уларнинг биноси устига қулаганини тахмин қилган.

Аммо бу вақтда миллионлаб кишилар телеэкранлар орқали Констанс Лабетти бўлган Жанубий минорага иккинчи самолёт келиб урилганини кўриб бўлишганди.

Гап бахтсиз ҳодиса ҳақида кетмаётганди.

Биринчи самолётдан фарқли ўлароқ UA175 бинога урилишидан олдин бурун қисми бироз пастга эгилган, шу туфайли бино ичига чуқур кириб бормаган ва юқори қаватдагилар пастга ўтиши учун йўл қолган.

Зиналардан биридан ҳаракатланиш мумкин эди, аммо тутун, қоронғилик ва авиация ёнилғисининг ўткир ҳиди эвакуацияни қийинлаштирарди.

Яна бир муаммо бор эди: шошилинч ёрдам хизматлари келиб тушаётган қўнғироқларга жавоб беришга улгурмайди ва одамлардан қутқарувчилар келгунча жойидан силжимаслик сўралади - мурожаатчи қайси қаватдалиги ва ўзи мустақил равишда пастга тушиши мумкинлигидан қатъи назар.

Жаҳон савдо марказининг Шимолий минораси қулаши

Рақамлар турлича, аммо Жанубий минорада ўнлаб кишилар самолёт келиб урилган ҳудуддан юқори ёки унинг пастки қисмидаги қаватлардан мустақил чиқиб, тирик қолишга муваффақ бўлган.

09:05

Буш ҳамон биринчи синф ўқувчилари олдида эди. Оқ уй администрацияси раҳбари Эндрю Кард унинг қулоғига эгизак биноларга иккинчи самолёт келиб урилгани ҳақида шипшийди.

Президент бош ирғайди, лабини қимтийди ва жойида қолади.

«Инқирозли вазиятда ваҳимага тушиш эмас, оҳангни танлай олиш муҳим. Шу туфайли мен синфхонадан чиқиш учун қулай вақтни кутдим. Мен драматизмга берилишни, болалар билан тўла синфда стулдан сакраб туриб уларни қўрқитишни истамадим, шу туфайли кутишга тўғри келди», дея ҳикоя қилади Буш BBC’нинг «11 сентябрь: президентлик штабида» номли ҳужжатли фильмида.

09:24

Иккинчи ҳалокатдан кейин American Airlines ва United Airlines ўз самолётлари ҳавога кўтарилишини тақиқлаш бўйича қарор қабул қилади.

United Airlines’нинг 40 йилдан ортиқ тажрибага эга авиадиспетчери Эд Баллинжер эса ўзи билан ишловчи барча рейсларни огоҳлантира бошлайди.

Улардан бири - UA93 рейси эди. Бир неча дақиқа ўтиб бу самолёт ҳам террорчилар қўлига ўтади.

«Кабинага киришга бўлган ҳар қандай ҳаракатни тўхтатинг. Икки самолёт Жаҳон савдо марказига урилди», дейилади Баллинжернинг қисқа хабарида.

Хабарни яхши англамаган учувчи Жейсон Даль жавоб беради: «Эд, сўнгги хабарни тасдиқла, илтимос, Жейсон».

Жавоб жуда кеч боради.

Баллинжер ҳозир ҳам унинг хабари етарлича аниқ бўлмагани учун афсусланади.

09:28

UA93 рейси ҳалокат сигнали юборади. Капитаннинг ёки иккинчи учувчининг безовта оҳангдаги овози эшитилади.

Ҳалокат сигналини Оҳайо штатининг Кливленд шаҳридаги авиадиспетчерлар қабул қилади, аммо улар энди ҳеч нарса қила олишмасди - самолёт қўлга олинганди.

UA93 рейси олиб қочилиши парвоздан 46 дақиқа ўтиб рўй беради, ундан олдинги уч ҳолатда бунга ярим соат кетганди. Бу қўшимча вақт ва парвоз аэропортда 42 дақиқа ушланиб қолгани рейс тақдирини ҳал қилади.

Ливанлик Зиёд Жарра бошчилигидаги жиноятчилар одатий тактикани қўллашади: бортдаги йўловчиларга бомба билан таҳдид қилиб, самолёт аэропортга қайтишини айтишади ва барчани салоннинг орт қисмига кўчиришади.

Самолёт дум қисмида туриб одамлар мобил телефонлари ва самолёт телефони орқали ўз яқинларига қўнғироқ қила бошлашади. Айримлар террорчилар бунга парво қилмаётганини айтишган.

UA93 бортидан камида 37 қўнғироқ амалга оширилган.

Шундай қилиб йўловчилар Нью-Йоркдаги ҳужумлардан хабар топишади ва тезкорлик билан ҳаракат қилишмаса, уларни ҳам шу каби қисмат кутаётганини англашади.

09:34

Вашингтондаги Адлия вазирлигидаги расмий шахслар ҳам учинчи самолёт олиб қочилганидан хабар топишади.

Бош солиситор (прокурор) Теодор Олсон янгиликни AA77 рейсида учган рафиқаси Барбарадан эшитади.

Кейинроқ Олсон аёли унга нималар деганини қуйидагича эслайди: «Учувчига нима дейишим керак? Мен унга нима дея оламан?»

FAA ярим соат мобайнида самолётнинг қаердалигини аниқлашга уринади, аммо транспондер ўчириб қўйилганди.

Амалдорлар бу ҳақда ҳарбийларга хабар беришга қарор қилишади.

«Биз АА77’ни ҳам йўқотдик», дея хабар қилади FAA’нинг Вашингтондаги маркази АҚШ ҳаво кенгликлари муҳофазаси учун масъул бўлган Шимолий Америка ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги (NORAD)га.

Лос-Анжелесдаги аэропортда келувчи самолётлар таблоси «рейс бекор қилинган» деган ёзувларга тўлиб кетганди

Вашингтондаги Рональд Рейган аэропорти масъуллари АҚШ махфий хизматларини номаълум самолёт Оқ уй йўналишида учаётгани ҳақида хабардор қилишади.

Мамлакат вице-президенти ерости бункерига олиб тушилади.

Аммо самолёт йўналишини 330 даражага ўзгартиради.

Энди у Оқ уй ёки Капитолий биносига қараб учмасди: у атиги 8 километр масофадаги Пентагон томон максимал тезликда (соатига 850 км) йўл олади.

09:37

AA77 Пентагоннинг ғарбий деворига бориб урилади. Том устида 60 метр баландликда оловли шар кўтарилади.

Бортдаги 64 киши ва Мудофаа вазирлиги штабидаги 125 киши портлаш қурбонларига айланади.

Яна ўнлаб кишилар жиддий тан жароҳатлари олади.

Янгилик каналлари бор эътиборини эгизак бинолардаги драматик воқеаларга қаратишган, шу туфайли Пентагондаги ҳалокат иккинчи планда қолиб кетади.

Аммо президент Буш буни жиддийроқ қабул қилади.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу палладан мамлакат уруш ҳолатига ўтганини англайди.

«Биринчи самолётни авария сифатида қабул қилиш мумкин эди. Иккинчисидан кейин бу ҳужумлиги ойдинлашди. Учинчиси эса уруш эълон қилишдир», дейди кейинроқ Буш.

AA77 рейси бортидан ҳам ҳеч ким тирик қолмаган. Пентагон биносида ҳам ўнлаб кишилар ҳалок бўлади.

09:42

Пентагонга ҳужумдан кейин FAA бемисл чора қабул қилиб, барча тижорий рейсларга энг яқин аэропортга қўниш бўйича кўрсатма беради.

Минглаб йўловчилар парвозни тўхтатишга мажбур бўлади.

Аммо бир самолёт ҳамон ҳавода эди: олиб қочилган UA93 рейсининг транспондери ўчирилганди.

09:57

Бу вақтга келиб UA93 экипажи ва йўловчилар террорчиларни тўхтатиш учун ҳаракат қилишмаса ҳалокатга маҳкум эканликларини англаб етишганди.

Собиқ стюардесса Элис Ҳоугланд ушбу самолёт бортида бўлган ўғли Марк Бингҳэмга икки хабар юборади.

«Марк, бу ойинг. Сизнинг самолёт террорчилар томонидан олиб қочилган. Афтидан, улар ерда қаернидир портлатмоқчи. Уларни тўхтатиш учун қўлингдан келганини қил. Улар ақлдан озган одамлар», дейди у биринчи хабарда.

Элис иккинчи хабарда ҳам маслаҳат беришда давом этиб, ўғлини шошилишга ундайди: «Бир рейс Сан-Францискога қараб учмоқда. Бу сизнинг рейс бўлиши мумкин, шундай экан, имконини қилолсанг, бир неча кишини йиғ ва назоратни қўлга олиш учун барча ишни қил. Мен сени яхши кўраман, азизим. Омад. Кўришгунча».

Самолётдан йўлланган маълумотларга кўра, бортдагилар ўзаро келишган ҳолда энг яхши стратегия - террорчиларга ҳужум қилиш деган қарорга келишади.

09:58

Жанубий минора қулаб тушади.

Қулаш жараёни атиги 11 сония давом этади.

Бинода қолганларнинг барчаси ҳалок бўлади. Кўчада ва Жаҳон савдо маркази мажмуаси ҳудудидаги Marriott меҳмонхонасида бўлганлар орасида ҳам қурбонлар бўлади.

Жанубий минора 11 сония ичида қулаб тушади.

Констанс Лабетти қулаш ва атрофни қуюқ тутун қамрашидан бир неча сония олдин бинони тарк этишга улгуради.

Кейинги куни у барча ходимларига зудлик билан ташқарига чиқишни буюрган хўжайини Фацио бинодан чиқишга улгурмаганидан хабар топади.

10:03

UA93 йўловчилари самолёт бошқарувини террорчилардан қайтариб олиш учун учувчилар кабинасига кириш мақсадида олти дақиқа давомида ҳаракат қилишади.

Борт қутисидаги ёзувларда йўловчилар эшикни очиш учун унга бир неча марта зарба беришгани қайд этилган.

Штурвалда бўлган Зиёд Жарра кабинага ҳужум қилаётган йўловчиларни мувозанатдан чиқариш учун самолётни гоҳ ўнгга ва гоҳ чапга айлантира бошлайди. Бошқа террорчи эшикни маҳкам ёпиб туради.

Жарра айтади: «Бўлдими? Тугатамизми?» Бошқа террорчи жавоб қайтаради: «Йўқ. Ҳали эмас. Ҳамма йиғилганда тугатамиз».

Самолёт ҳамон ўз нишони - Колумбия округининг Вашингтон шаҳридан 20 дақиқалик масофада эди.

Жарра шеригидан яна бир бор самолётни ерга қулатиш ҳақида сўрайди. Бу сафар у «ҳа» дея жавоб қайтаради.

UA93 рейси шўнғий бошлайди ва террорчилар ҳайқира бошлашади.

Самолёт соатига 950 км тезликда шўнғиб Пенсильвания штатининг Шанксвилле шаҳри яқинидаги бўш дала майдонига урилади.

Ҳеч ким омон қолмайди.

Оқ уйдагилар бир неча дақиқа давомида самолёт уриб туширилган-туширилмаганини билмай туришади: у ўз нишонига - Оқ уй ёки Капитолийга ета олмаслиги учун ҳарбийларга уни уриб тушириш бўйича кўрсатма берилганди.

10:28

Шимолий минорага зарбадан 100 дақиқа ўтган.

Бу бино Жанубий минорадан кўра узоқроқ бардош беради, аммо барибир тўққиз сония ичида ер билан битта бўлади.

Нью-Йорк ўт ўчириш хизмати бошқармасидан бўлган Билл Спейд бу вақтда Шимолий минорадан бир неча метр масофада турганди. Портлаш уни тахминан 12 метрга итқитиб харобалар остига киритиб юборади.

У юқорига чиқиб олиши учун бир соат вақт кетади. Кейинроқ у  13 кишилик жамоадан фақат ёлғиз ўзи тирик қолганини билади.

Унинг UA93 рейси бортида учган амакиси ҳам шу куни ҳалок бўлади.

Қурбонлар сони - 2977 киши, бу 19 террорчи ҳисобга олинмаган ҳолатдаги рақам - 11 сентябрь АҚШ тарихига энг ўлимвор ҳужумлар куни бўлиб киради.

Шунингдек, бу АҚШ тарихида қутқарувчилар учун ҳам энг ҳалокатли кун бўлиб қолади. Нью-Йоркнинг ўзида ўт ўчирувчилардан 343 киши қурбон бўлади.

Бундан ташқари, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси маркази маълумотларига кўра, 400 мингга яқин киши портлашлар ҳудудида заҳарлар таъсирига учраган, турли жароҳатлар олган, шу жумладан руҳий зарбалар уларда хроник касалликлар келтириб чиқарган, айримлар кейинги бир неча ой ичида вафот этган, бу вақтда ҳалокат ҳудудида ҳамон тозалаш ва тиклаш ишлари давом этарди.

11 сентябрь терактлари оқибатлари ҳамон давом этмоқда.

Усама бин Лодин ортидан тушган АҚШ Афғонистонга келади, «Ал-Қоида» 2001 йилда шу мамлакатдан бошпана топганди.

Президент Бушнинг «терроризмга қарши уруш» доктринаси америкалик ҳарбийлар 2003 йилда яна бир мамлакат - Ироққа киришига олиб келади.

Терактлардан буён икки ўн йиллик ўтди. Ушбу санага бир неча ҳафта қолганида АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши янада кўпроқ зўравонликлар ва тартибсизликларга сабаб бўлди.

«Толибон» яна ҳокимиятга қайтди.

АҚШнинг Афғонистондаги миссияси расман якунланди, аммо террорга қарши кураш ҳақидаги ҳикоя ҳали тугамайди. 

Мавзуга оид