Жаҳон | 16:52 / 28.08.2024
11093
3 дақиқада ўқилади

Буркина-Фасода ҳарбийлар учун хандақ қазиётган одамларга ҳужум қилинди

Террорчилар юзлаб одамларни ўлдирган.

Барсалогу шаҳри юқоридан кўриниши. Фото: AFP / Scanpix / LETA

Буркина-Фасода юзлаб кишилар террорчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги ва RFI радиостанция манбалар ҳамда гувоҳларга таяниб.

Ҳужум 24 август куни Буркина-Фасонинг марказий қисмидаги Барсалогу аҳоли яшаш манзили ҳудудида рўй берган. Reuters маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар сони 500 дан ошади. Агентлик буни «Ал-Қоида» ва ИШИД террорчи ташкилотларига алоқадор гуруҳлар қарийб 10 йил муқаддам Малидан Буркина-Фасога бостириб кирганидан буён кузатилган «энг ажалвор ҳужум» деб атаган. 

RFI Буркина-Фасо хавфсизлик хизматидаги манбага асосланиб, террорчилар шаҳарни жангарилар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун траншея ва хандақлар қазиётган одамлар устига бостириб келгани ҳақида хабар берган. Қурбонлар орасида тинч аҳоли вакилларидан ташқари ҳарбийлар ҳам бор. Радиостанциянинг 24 август куни берган маълумотига кўра, 200 га яқин киши ҳалок бўлган. 

Reuters маълумотига кўра, Буркина-Фасода ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбий хунта 24 август куни Барсалогу аҳолисини шаҳар атрофида жангарилар ҳужумидан ҳимояланиш учун окоплар қазишга юборган. Ҳужум вақтида, траншеялар қазилаётган кўчада юзлаб одамлар бўлган. «Бу ҳақиқий қирғин эди», — деган агентлик суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, жангарилар шу атрофда ўтин йиғаётган аёлларни ҳам ўққа тутган.

Барсалогуда яшовчиларнинг қариндошлари ҳужум оқибатида камида 400 киши ҳалок бўлгани, яна юзлаб кишилар яралангани ҳақида айтишган. Улар ҳарбий хунтани аҳолини окоп қазишга мажбурлаш, бунга рози бўлмаганларни калтаклашда айблаган.

Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Жангари гуруҳлардан ҳеч бири ҳужум учун жавобгарликни тўғридан тўғри ўз зиммасига олмади. Шу билан бирга, 24 август куни «Ал-Қоида»га алоқадор бўлган «Жамоат Нусрат ал-Ислом вал-Муслимин» гуруҳи Барсалогуда армия штаби эгаллангани тўғрисида банот берган.

Жангарилар 2015 йилдан Буркина-Фасода ҳаракатлана бошлаган. 2022 йилда мамлакатда икки бор давлат тўнтариши амалга оширилди, натижада Буркина-Фасони энди капитан Ибрагим Траоре раҳбарлигидаги хунта бошқармоқда. 2024 йил мартида сўнгги йилларда Буркина-Фасо, Нигер ва Малида ҳокимиятни ўз қўлига олан ҳарбийлар жангари гуруҳларга қарши биргаликда курашиш бўйича келишиб олганди, қайд этиш керакки, айнан шундай гуруҳларнинг ҳужумлари ушбу мамлакатларда тўнтаришлар ва ҳокимият ўзгаришига олиб келганди.

BBC News сўнгги ойларда Нигер, Мали ва Буркина-Фасодаги ҳарбий режимлар «тобора яқин иттифоқчилар»га айланаётганини қайд этган. 2023 йил сентябрида улар Саҳел давлатлари алянси номини олган ўзаро мудофаа пактини тузишган. Учала мамлакат ҳам кўп йиллар мобайнида минтақада жангариларга қарши курашиш учун ҳарбий контингентини сақлаб турган Франция билан алоқаларни узган ва «Россия билан алоқаларни мустаҳкамлай бошлаган».

Мавзуга оид