Ўзбекистон | 13:27 / 15.09.2021
4390
1 дақиқада ўқилади

ЕХҲТнинг 250 нафар кузатувчиси Ўзбекистонга келади 

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг 250 нафар кузатувчиси Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясида ўтказилаётган учрашувда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи маълум қилди.

Қайд этилишича, ЕХҲТ бюросининг асосий гуруҳи, яъни 11 нафар кузатувчи кеча, 14 сентябрда Ўзбекистонга етиб келди, кейинги ҳафта яна 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи етиб келиши кутилмоқда. 

«Ушбу кузатувчилар Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб барча сайлов жараёнларини кузатиб боради. Шунингдек, сайловдан бир-икки кун олдин 250 нафар кузатувчимиз Ўзбекистонга келади. 

Тахминан уч ҳафтадан кейин биз биринчи ҳисоботимизни эълон қиламиз. Унда қилинаётган ишлар ҳақидаги аниқ маълумотларимизни берамиз», деди Оуэн Мерфи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид