Жаҳон | 15:53 / 17.09.2021
7484
2 дақиқада ўқилади

Аср фирибгарлиги. Doing Business рейтинги нега тўхтатилди?

16 сентябр куни Жаҳон банки турли давлатларда бизнес юритиш шароитларини баҳоловчи Doing Business рейтингини эълон қилишни тўхтатишини маълум қилди.

Фото: DR

“Банк раҳбарияти Doing Business ҳисоботини эълон қилишни тўхтатишга қарор қилди. Келгусида ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни баҳолашга янгича ёндашамиз”, деб айтилган банк хабарида.

Бунга бир неча йил давом этган ички текширув сабаб бўлди. Текширув хулосаларига кўра, ХВЖнинг амалдаги тақсимловчи директори Кристалина Георгиева Жаҳон банки ижрочи директори бўлиб ишлаган вақтида рейтингни тузувчиларга босим ўтказиб, рейтингда Хитойни юқори ўринга кўтаришни мақсад қилган.

Аниқланишича, 2018 йилги рейтингда Хитойнинг, 2020 йилда Саудия Арабистонининг кўрсаткичлари аслидагидан юқори қилиб кўрсатилган, Озарбойжоннинг баҳоси эса сунъий равишда пасайтирилган.

Хулосада айтилишича, рейтингга ушбу ўзгаришлар Жаҳон банкининг собиқ раҳбари Жим Ён Ким, Халқаро валюта жамғармасининг ҳозирги раҳбари Кристалина Георгиева ва рейтинг асосчиларидан бири Симеон Дянковларнинг босими остида киритилган.

Текширувлар якунига кўра ҳеч кимга нисбатан айблов илгари сурилмаган.

Doing Business рейтингида 190 та давлатда бизнес очишнинг соддалиги, солиқлар тўланиши, қурилишга рухсат олиш, электр тармоқларига уланиш, халқаро савдо, кредитлашни жалб қилиш, банкротлик жараёнини тартибга солиш ва бошқа мезонлар бўйича бизнес-муҳит баҳолаб келинган.

Охирги эълон қилинган Doing Business 2020 рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаганди.

Мавзуга оид