Ўзбекистон | 08:34 / 17.09.2021
1432
2 дақиқада ўқилади

Карманада бир ойда 108 млн сўмлик табиий газ ноқонуний сарф қилинган

Навоий вилоятининг Кармана туманида август ойида 125 596 метр куб табиий газ ноқонуний сарф қилинган ва бундан таъминот корхонаси 108 млн сўм моддий зарар кўрган. Бу ҳақда “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, “Hududgaztaʼminot” АЖ ва “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг тегишли бўлимлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ жорий йилнинг август ойида Кармана туманида истеъмолчиларнинг табиий газдан оқилона фойдаланишини назорат қилиш бўйича рейд тадбирларини ўтказишган. Ўрганишлар давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 13 та ҳолат аниқланган. 

Хусусан, туманда фаолият олиб бораётган айрим ошхоналар, новвойхоналар, туз ишлаб чиқариш корхонаси, меҳмонхона ва тўйхонада табиий газдан фойдаланиш учун таъминот корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмаслик, модем ускунаси ўрнатмаслик, лойиҳа ҳужжатларисиз табиий газдан фойдаланиш, газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, лойиҳадан ташқари газ жиҳозларидан фойдаланиш каби ҳолатларга йўл қўйилган.

Қайд этилган мазкур ҳолатлар бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган.

Олдинроқ Навоийдаги оҳак цехида 130 млн сўмлик табиий газ ноқонуний ишлатилганлиги аниқланганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид