Жаҳон | 13:47 / 18.09.2021
13675
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Кобулда хатолик туфайли тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини тан олди

АҚШ ҳукумати америкалик ҳарбийларни олиб кетиш жараёни якунланишидан бир неча кун олдин Кобулда учувчисиз учиш қурилмаси берган зарба оқибатида бегуноҳ тинч аҳоли вакилларидан 10 киши ҳалок бўлганини тан олди. АҚШ Марказий қўмондонлиги текширувлари якунига кўра, дрон гуманитар миссия ходими бўлган афғоннинг машинасига зарба йўллаган.

Фото: Getty Images

Ҳужум оқибатида автомашина ҳайдовчиси Замарай Аҳмадийнинг ўзидан ташқари унинг оила аъзолари бўлган тўққиз киши, шу жумладан етти бола ҳалок бўлган. Болаларнинг энг кичиги икки ёшли Сумайя эди (дастлабки хабарларда олти бола қурбон бўлгани айтилганди).

Бу амалиёт толиблар ҳокимиятга келиши ортидан бошланган тартибсиз эвакуация вақтида Кобул аэропортида рўй берган терактдан бир неча кун ўтиб амалга оширилганди.

Бу америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондаги 20 йиллик кампаниясини якунлаш жараёнидаги сўнгги амалиётлардан бири бўлди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги генерали Кеннет Маккензининг сўзларига кўра, Америка разведкаси саккиз соат давомида гуманитар ташкилот ходимининг машинасини кузатган, улар Аҳмадийни ИШИДнинг минтақадаги бўлими - ИШИД-Хуросон гуруҳи аъзоси сифатида гумон қилишган.

Унинг автомобили ИШИД тарафдорлари билан алоқадор объект ҳудудида бўлган ва автомобил ҳаракат йўналиши террорчи гуруҳнинг Кобул аэропортига ҳужум режаси ҳақидаги бошқа разведка маълумотларига мос келган.

Қайсидир паллада учувчисиз учиш қурилмаси одамлар бу автомобил юкхонасига портловчи моддаларни эслатувчи юкларни ортаётганини қайд этган. Кейинроқ аслида бу сув тўлдирилган идишлар бўлгани ойдинлашди.

Ўлганлардан бири гуманитар ташкилот ходимининг икки ёшли қизи Сумайя эди

Генерал Маккензи бу зарбани фожиали хато деб атади.

«Бу хато эди ва мен чин дилдан узр сўрайман», деган Маккензи. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар террорчилар билан алоқадорлиги ёки америкалик ҳарбийларга хавф туғдирганига далил топилмаган. Пентагон оиланинг қариндошларига компенсация тўлаш имкониятларини ўрганмоқда.

Замарай Аҳмадий аэропортдан уч километр масофада жойлашган хонадонига қайтганида дрон машинага зарба берган.

Бу зарба ортидан кейин яна портлаш овозлари эшитилганди ва америкаликлар буни машинада чиндан ҳам портловчи моддалар бўлганига исбот сифатида кўрсатишганди.

Аммо, текширувларнинг кўрсатишича, бу аслида машина яқинида турган пропан тўлдирилган баллонлар портлаши бўлган.

АҚШ ҳарбийлари 26 август куни худкуш террорчи Кобул аэропортида 150дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ва 13 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ўлимига сабаб бўлган портлашни амалга оширганидан кейин юқори даражадаги ҳарбий тайёргарлик ҳолатида туришганди. Бу теракт учун жавобгарликни ИШИД-Хуросон гуруҳи ўз зиммасига олган.

Қурбонларнинг қариндошлари бу ҳодисадан кейин BBC мухбири билан суҳбатда оила АҚШга эвакуация учун мурожаат қилгани ва аэропортга чақирув кутаётган бўлганини билдирган.

Мавзуга оид