Ўтган ҳафтада қурбон бўлган оиланинг қариндошлари Америка ҳукумати шу вақтга қадар улар билан боғланмагани (улардан узр сўраш ва компенсация масаласини муҳокама қилиш учун) ҳақида шикоят қилишганди.

Жума куни АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал Nutrition and Education International хайрия фонди раҳбари Стивен Квон билан учрашувда товон пули бўйича таклиф берган.

Ўлдирилганлардан Замарай Аҳмадий шу ташкилотда ишларди. Портлаш вақтида ҳалок бўлган яна бир киши Аҳмад Носир америкалик ҳарбийларга таржимон сифатида хизмат қилган.

Пентагондагилар қурбонларнинг қариндошларини Америкага олиб келиш борасида ҳам иш олиб борилаётганини маълум қилган.

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари яна бир бор 29 август куни дрон орқали йўлланган зарба хатолик бўлгани, қурбонларнинг ИШИДга алоқаси бўлмагани ва америкалик ҳарбийларга таҳдид солмаганини тан олган.

Ўлганлардан бири гуманитар ташкилот ходимининг икки ёшли қизи Сумайя эди

Аввалига америкалик ҳарбийлар дрон зарбаси орқали ИШИД террорчилари Кобул аэропорти яқинида яна бир теракт содир этиш учун тайёрлаган портловчи қурилмалар ортилган автомобил йўқ қилингани ҳақида маълум қилишганди.

Бунга қадар жангарилар аэропорт олдида йирик теракт содир этишган: ўшанда террорчи худкуш ўзини портлатиши оқибатида 170 нафар афғонистонлик ва АҚШ денгиз пиёдаларидан 13 нафари ҳалок бўлганди.

Ўшанда ҳокимият «Толибон» қўлига ўтиши туфайли мамлакатни тарк этишни истаган минглаб афғонлар ва хориж давлатлари фуқаролари Кобул аэропортида тўпланганди.

Америкалик ҳарбийлар аввалроқ ҳам Замарайнинг машинасига берилган зарба хатолик бўлганини тан олишганди.

Генерал Кеннет Маккензи сентябр ойида журналистларга разведка ўша автомобилни саккиз соат давомида кузатгани, уни дастлаб америкаликлар ИШИД тарафдорлари ўрнашган жой деб ҳисоблаган маҳаллада кўришгани ҳақида айтиб берганди.

Кейин автомобиль аэропорт томон ҳаракатланган. Қайсидир паллада разведкачи дрон камераси автомобил юкхонасига нимадир ортаётганини кўрсатган, америкаликлар буни портловчи моддалар деб ҳисоблашган. Кейинроқ бу юк ичимлик суви солинган канистрлар бўлгани маълум бўлди.

Генерал Маккензи фожиали хатолик деб атаган авиазарба Замарай Аҳмадий машинасини аэропортдан уч километр масофадаги ўз уйи олдига қўйиб ичкарига кирганида берилган.