“Хуросон вилояти” – Афғонистондаги террористик гуруҳларнинг энг йириги — афғоншунос
Профессор Анвар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, айни пайтда Афғонистонда 20 дан ортиқ террорчи гуруҳлар мавжуд. Уларнинг энг йириги бўлмиш “ИШИД-Хуросон” 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, 6 мингга яқин жангариси бор. Афғонистондаги бошқа бир гуруҳ – “Тавҳид ва жиҳод”нинг раҳбарлари эса асосан ўзбекистонликлардан иборат, дейди у.
“Толибон” 2021 йил 15 августдан буён бутун Афғонистон ҳудудини назорат қилиб, мамлакатнинг такроран терроризм ўчоғига айланишига йўл қўймаслигини таъкидлаётган бўлса-да, ИШИДнинг Хуросон шўъбаси катта таҳдидлигича қолмоқда.
Афғоншунос Анвар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ҳозирда Афғонистонда 20 дан ортиқ террористик гуруҳлар мавжуд. Уларнинг орасида энг йириги – 6 мингга яқин жангариси бор “ИШИД-Хуросон” ҳисобланади.
“ИШИД-Хуросон” 2015 йилда Афғонистонда ташкил топган. Гуруҳнинг ичида яна бошқа гуруҳлар ҳам бор. Бунга “Имом ал-Бухорий” гуруҳи (ўзбекистонликлардан ташкил топган), “Жабҳат ал-Нусраҳ” ва “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” кабилар киради. Улар “ИШИД-Хуросон”нинг таркибига киради. Бундан ташқари, 2014 йилда Суриянинг Идлиб шаҳрида пайдо бўлган “Тавҳид ва жиҳод” гуруҳи 3 мингдан ортиқ жангарига эга, раҳбарлари асосан ўзбекистонликлар”, – дейди у.
Афғоншунос Суҳроб Бўроновга кўра, ИШИДнинг “Хуросон бўлими” Афғонистонда фаолиятини давом эттириаётганини БМТ ва Афғонистонга дахлдор давлатлар ҳам тасдиқламоқда.
“Бу ташкилот Афғонистонда турли терактларни уюштириб келаётгани қўшни минтақа давлатларига таъсир кўрсатмайди ёки хавф туғдирмайди, деб айтишга кафолат мавжуд эмас. Айниқса, 2022 ва 2023 йиллар оралиғида Покистон ва Россиянинг Афғонистондаги элчихоналарига, шунингдек, Хитой инвесторлари бўлган меҳмонхонага қилинган ҳужумларни ушбу террорчи гуруҳ зиммасига олган”, – дейди Бўронов.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ИШИДнинг Хуросон бўлими гарчи Афғонистондаги энг йирик террорчи гуруҳ бўлса-да, унинг реал ҳокимиятга даъво қилиш учун ресурслари ва имкониятлари анча чекланган.
“Бугун Афғонистонда “Толибон” давлатни тотал равишда бошқариб келмоқда, унга рақобатчи сифатида ИШИДнинг Хуросон бўлими мавжуд. Вақти-вақти билан улар турли террористик ҳаракатларни олиб боришади – “Толибон”га қарши эканликларини билдириш учун. Аммо бу гуруҳнинг ресурслари, имкониятлари жуда кам, шу сабабли у жамиятнинг ичкарисида яширинган ҳолда фаолият олиб боради. “Толибон” уларнинг қароргоҳи қаердалигидан хабар топса, ҳужум қилиши аниқ. Бу гуруҳни минтақа давлатларига таҳдид соладиган даражада кенг имкониятга эга деб ҳисоблаб бўлмайди”, – дейди Раббимов.
4 сентябр куни Тошкентда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда МДҲнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш конференциялари бўлиб ўтмоқда. Унда сўз олган Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ШҲТга аъзо давлатларни “Хуросон вилояти”га қарши курашда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Афғонистон ҳукумати ўз имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, халқаро терроризмга қарши курашмоқда, афғон махсус хизмати ХВИД (Хуросон вилояти Ислом давлати)га қарши курашда етакчилик қилиб, муайян натижаларга эришмоқда. Шу боис, душманга қарши биргаликда курашишимиз керак. «Хуросон вилояти»га қарши курашда Афғонистонга ёрдам кўрсатиш муҳим, чунки қарши чораларни заифлаштириш бу гуруҳнинг кучайишига сабаб бўлади, бу эса ўз навбатида, минтақа хавфсизлигига хавф солади”, – деди генерал-лейтенант Абдусалом Азизов.
Мавзуга оид
16:50 / 11.10.2024
Ўзбек компанияси Афғонистоннинг энергетика секторига 1 млрд доллар сармоя киритади
08:10 / 10.10.2024
ТИВ раҳбари Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчисини қабул қилди
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
21:27 / 03.10.2024