Афғонистон: «Толибон» давлат хизматчилари бўлган аёлларга уйда қолишни буюрди
Кобул шаҳрининг толиблар томонидан тайинланган мэри Ҳамидулла Нўъмоний пойтахт муниципалитетида ишлаган аёлларга, агар уларнинг иши эркаклар қила оладиган ишлар бўлса, ишга чиқмасликни буюрди.
Мэрнинг маълум қилишича, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати «аёлларнинг ишлашини бир муддатга тўхтатиб туриш лозим» деган қарорга келган.
Нўъмонийнинг сўзларига кўра, Кобулдаги муниципиал идоралар ходимлари бўлган қарийб уч минг кишидан учдан бири аёллардир - аёллар айрим ҳолатларда ишлашни давом эттириши мумкин, аммо бундай ҳолатлар кўп бўлмаслиги тайин.
«Масалан, бу шаҳар аёллар ҳожатхоналарида ишловчи аёлларга тааллуқли, бундай жойларга эркаклар кириши тақиқланган. Аммо эркаклар билан алмаштириш мумкин бўлган мутахассисликдаги аёллардан вазият изга тушгунча уйда қолишни сўрадик. Уларга иш ҳақи тўланиши давом этади», дея изоҳлаган мэр.
Нўъмоний толибларнинг 1990-йиллардаги маъмурияти даврида ҳам Кобул шаҳри мэри бўлган, шу туфайли у БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялар рўйхатига киритилган.
Аввалроқ толиблар болалар ва эркак ўқитувчилар мактабларга қайтишига рухсат берганди, аммо қизлар машғулотлардан четлатилган. Толиблар бу вақтинчалик чора эканини айтишган, аммо бу қарор қачон бекор бўлиши номаълум. Шу билан бирга, Афғонистоннинг янги ҳукумати вакиллари ҳозирда болалар ва қизлар алоҳида ўқитилиши, шунингдек, ўқитувчиларни тақсимлаш жараёни олиб борилаётганини билдирган. Унгача эса «Толибон» аёллар университетларда ўқиши мумкинлиги, аммо улар эркаклардан алоҳида жойда ўтириши лозимлигини маълум қилганди.
Толиблар ўзгарганми?
1990-йилларда, толиблар мамлакатни илк бор эгаллашганида, аёлларга ўқиш ва ишлаш буткул тақиқланганди. Ҳаракат вакиллари бир неча марта жаҳон ҳамжамиятига уларнинг сиёсати ўзгарганини айтиб келган бўлса-да, кўпчилик «Толибон» шундай тартибни қайтариши мумкинлигидан ташвишланмоқда.
Толиблар аёллар ҳуқуқи «ислом қонунлари доирасида» ҳурмат қилинишини билдирган, аммо бунда айнан нима назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.
Аввалги ҳокимият ағдарилгач, Кобулда бўлиб ўтган бир неча аёллар намойишлари куч билан бостирилди. Аёлларга мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланмагунча уйда ўтириш тавсия қилинган.
Яқинда янги ҳукумат Аёллар масалалари бўйича вазирликни тугатиб, унинг ўрнига Саховатни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқотиш вазирлигини тузгани маълум бўлганди. 20 йил муқаддам айнан шу вазирлик қатъий ислом қоидаларини жорий қилган ва аёллар ҳуқуқларини кескин чеклаганди.
Якшанба куни тугатилган вазирлик биноси атрофида бу қарордан норози бўлган аёллар иштирокида кичик акция ўтказилди. Яна бир гуруҳ аёллар матбуот анжуманиташкил этиб, мамлакат аёллари ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилишди.
«Биз бу вазирлик ёпилишини истамагандик. Аёллардан қутулиш - одамлардан қутулиш деганидир», дейди намойиш иштирокчиларидан бири.
Якшанба куни Афғонистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилган орган ҳам толиблар келиши туфайли фаолиятини тўхтатгани маълум бўлди. Афғонистон инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссия (AIHRC) ўз сайтида толиблар ташкилотнинг барча ресурслари, жумладан офислар, автомобиллар ва компьютерларни тортиб олишгани, шу туфайли ўз функцияларини бажара олмаслигини билдирди. Шу билан бирга, комиссиянинг ўзи расман тарқатиб юборилмаган.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024