Ўзбекистон | 11:32 / 20.09.2021
4050
3 дақиқада ўқилади

Нукусда лойиҳа қиймати 85,681 млрд сўмлик клиника очилди

Кеча Нукус шаҳрида 120 ўринга мўлжалланган Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрулла Иноятов, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори, сенатор Орал Атаниязова ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган.

Таъкидланишича, ушбу марказда Оролбўйи ҳудудидаги туғма касалликлари бор бемор болалар даволаниб, унга мувофиқ Россия, Корея Республикаси, Австрия каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, энг ноёб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, бу ерда тиббиёт соҳасидаги талабаларни ўқитиш ва амалиёт ишларини ташкиллаштириш, шу орқали малакали кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган.

Клиника бу — тиббий-диагностика, таълим, илмий-инновацион ва хўжалик корпусларидан иборат бир бутун комплекс ҳисобланади. Унинг таркибида поликлиника, қабул бўлими, операция блоки, анестезиология ва реаниматология, болалар гепатологияси ва гематологияси, бош ва бўйин хирургияси, минимал инвазив хирургия, травмотологик ортопедия, репродуктив патология, радиология бўлимлари, шунингдек, илмий бўлим, телемедицина бўлими, симуляция маркази ва бошқа бир қатор қўшимча бўлимлар фаолият кўрсатади.

Ҳозирги кунда мазкур марказ Япониянинг “JICA” ташкилоти гранти ва бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий асбоб-ускуналар (МРТ, компьютер томографияси, ангиограф, мини-инвазив жарроҳлик ускуналари), телемедицина ва электрон поликлиника ускуналари билан жиҳозланмоқда. Клиникада 69 нафар шифокор, 134 нафар ҳамшира, 91 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳамда 79 нафар техник ходим фаолият юритиши кўзда тутилган.

Умумий 1,1 гектар майдонни қамраб олган мазкур муассаса биноси замонавий технологияга асосланган янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида барпо этилган. Бинода электр тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилиб, бино ичида ҳаво қишда илиқ, ёзда салқин туришини таъминлайди. Шунингдек, бино видеокузатув тизимига эга ҳамда ёнғин хавфсизлик ускуналари билан жиҳозланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ клиника 2020 йилнинг охирида ишга тушиши маълум қилинганди. Шундан кейин Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори Орал Атаниязова марказ 2021 йилнинг май ойида ишга тушишини айтганди.

Маълумот учун, ушбу лойиҳанинг қиймати 85,681 млрд сўмни ташкил қилади.

Мавзуга оид