Жаҳон | 13:07 / 20.09.2021
58682
5 дақиқада ўқилади

Перм университетидаги отишма: Қурбонлар бор (видео)

Россиядаги Перм университети (ПГНИУ) биноларидан бирида номаълум шахс ўт очиб, отишма уюштирди. Ҳукумат саккиз қурбон ҳақида маълум қилган.

20 сентябрь куни эрталаб Россиянинг Перм давлат миллий тадқиқот университетига қуролланган шахс ҳужум қилди. Тахминан соат 11 ларда автомат кўтарган ҳарбий кийимдаги шахс кампусда ўт очган, шундан сўнг у университетнинг саккизинчи корпусига кирган. Ҳужумчи камида 30 марта ўқ узган, тахминларга кўра, ўқлар Huglu 12 калибрли силлиқ стволли қуролдан отилган. 

РФ ИИВ Пермда полициячилар олий таълим муассасаси ҳудудида отишма уюштирган шахсни қўлга олишганини маълум қилди. 

«Бугун тонгда полиция навбатчилик қисмига Перм давлат миллий тадқиқотлар университети ҳудудида ўқ овозлари эшитилаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва яраланганлар бор... Ўтказилган амалиёт якунида ҳужум қилган шахс полиция ходимлари томонидан қўлга олинди», дейилади хабарда.

Россия Тергов қўмитасидагиларга асосланган «Интерфакс» агентлиги ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8 нафарни ташкил этаётганини маълум қилган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 24 нафар жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан 19 киши ўқотар қуролдан жароҳатланган.

«Гумонланувчининг шахси аниқланган. Қўлга олиш чоғида у қаршилик кўрсатган ва яраланган», дейилади тергов хабарида. Хабарда гумонланувчининг исми шарифи келтирилмаган.

Тергов қўмитасидагиларнинг аниқлик киритишича, ҳужум қилган айни вақтда шифохонага ётқизилган. У ов қуролидан ўт очган, маълум бўлишича, бу қурол унинг ўзи томонидан май ойида қонуний равишда сотиб олинган.

Аввалига университет матбуот хизмати ҳужум қилувчи отиб ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатганди, кейинроқ бу хабар университет сайтидан йўқолиб қолди. Ҳодисадан кейин региондаги барча таълим муассасаларида машғулотлар бекор қилинган.

Давлат думаси депутати Александр Хинштейн бу шахс қуролни қонунчилик қатъийлаштирилишидан сотиб олганини айтиб ўтган.

Қонунчиликка қуролга эгалик қилишни қийинлаштириш мақсадидаги тузатишлар жорий йилнинг май ойида, Қозон шаҳридаги гимназияда 19 ёшли собиқ талаба Ильназ Галявиев томонидан ўқотар қурол билан содир этилган оммавий қотилликдан (ўша ҳодиса оқибатида ҳам ўнга яқин киши ҳалок бўлган) кейин киритилганди.

«Барча ҳужжатларни у қуролга эгалик қилиш учун талаб этиладиган талабларни қатъийлаштирувчи қонун кучга киришидан олдин расмийлаштирган. Қўрқаманки, бу қонун панацея (ҳар қандай балодан қутқара олувчи восита) эмас», дея ёзган Хинштейн телеграм-каналида.

У отишма уюштирган шахс исми-шарифини ҳам келтирган - Тимур Бекмансуров. Бу ном рус нашрларида ҳам айланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Тимур Бекмансуровнинг суратлари эълон қилинган

Mash хабарига кўра, у университетнинг юридик факультетида «Суд экспертизаси» мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Ҳодисадан аввал Бекмансуров ижтимоий тармоқларда қолдирган постида ўз ҳаракатини теракт деб ҳисобламасликларини сўраган ва экстремистик ташкилотларга аъзо эмаслигини таъкидлаган. «Мен ўзимдан нафратланаман, лекин йўлимга тўсиқ бўладиганларнинг барчасига алам келтиришни хоҳлайман», деган у.

Гувоҳлар ҳикояси

BBC фожиа гувоҳларидан бири, ўз шахси сир қолишини истаган университет ўқитувчиси билан гаплашди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:30да дарсга бораётган бўлган ва саккизинчи корпусдан талабалар қочиб чиқаётганини, одамлар иккинчи қаватдаги деразалардан пастга сакраётганини кўрган. «Улар қандайдир қўрқув ичида бақириб сакрашарди. Талабалардан бири ичкарида отишма бўлаётганини айтди. Мен ўқ овозини эшитдим, ҳамма ҳар қаёққа қараб чопарди. Мен иккинчи корпусга, талабаларим олдига бордим, ҳамон ўқ овози эшитилиши давом этарди», дейди гувоҳ.

Унинг сўзларига кўра, Перм университети кампусида жами 10 корпус бўлиб, хавфсизлик хизмати ходимлари дарҳол барча корпусларнинг кириш қисмини ёпишган. У ўша паллада катта қийинчилик билан иккинчи корпусга кира олган. Унинг тан олишича, бу вақтда ташқарида туриш қўрқинчли эди.

«Қолган барча бинолар дарҳол [отишма бошлангач] тўсиб қўйилди. Барча талабалар ёпиқ аудиторияларда қамалиб ўтиришарди. Биз ҳозирда хавфсизликдамиз ва бизни қачон қўйиб юборишларини кутмоқдамиз», деган у.

Университет матбуот хизмати, ҳужум қилга шахс «травматик қуролдан ўт очгани»ни билдирган.

РЕН-ТВ телеканали университет ҳудудида олинган видеоларни тақдим этди - кадрларда талабалар 8-корпуснинг иккинчи қаватидан пастга сакраётганини кўриш мумкин.

Перм университети ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бино ҳудудида бўлган талабалардан аудиторияларни ичкаридан қамаб олишни сўраган.

«Агар сиз айни вақтда университет ҳудудида бўлсангиз, агар аудитория ичкарисида бўлсангиз, илтимос, хонани ичкаридан қулфланг ва ўша ерда қолишга ҳаракат қилинг. Агар сиз кампус ҳудудида бўлсангиз, имкон бўлса у ердан кетинг. Агар университетга кетаётган бўлсангиз - ортга қайтинг!», дейилади хабарда.

Мавзуга оид