Жамият | 17:23 / 22.09.2021
9416
3 дақиқада ўқилади

Мақсуда Ворисова сайловолди ташвиқотини Сирдарёдан бошлади

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловчилар билан илк учрашувини Сирдарё вилоятидан бошлади.

2021 йил 22 сентябр куни вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар сайловчилари билан видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган учрашувда талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари иштирок этди.

Мулоқотда М.Ворисова сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништирди. Хусусан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати асослаб берилди.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан эканлиги таъкидланди.

Учрашувда аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлаш, шифокорлар ва ҳамшираларнинг иш ҳақини ошириш, дорихоналар ва хусусий тиббий муассасаларга алоҳида ижтимоий ташкилот мақомини бериш, тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш масалалари ҳам ҳал этилиши билдирилди.

Номзод олий таълим учун грантлар сонини ошириш, фуқароларнинг судларда халқ маслаҳатчилари сифатида, шунингдек, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш борасидаги устувор йўналишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Мақсуда Ворисова Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида ҳам тўхталди ва вилоятда аҳоли бандлиги, янги иш ўринлари ташкил этиш, ичимлик суви ва коммунал инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда иштирокчилар президентликка номзодга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, ҳудудларни янада ривожлантиришга доир фикр ва таклифларини ҳам билдирди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда сайловчиларни унга овоз беришга чақирди.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид