Жаҳон | 09:50 / 23.09.2021
6692
2 дақиқада ўқилади

Жазоир Марокаш учун ҳаво ҳудудини ёпди

Жазоир президенти Абдулмажид Таббун мамлакат ҳаво ҳудуди Марокаш авиацияси учун ёпилишини эълон қилди. Ушбу қарор Таббун бошчилигида ўтган хавфсизлик бўйича олий кенгаш йиғилишида қабул қилинган. 

Фото: AFP

“Марокаш томонидан чегарадаги душманона ва иғво ҳаракатларини ҳисобга олиб, хавфсизлик бўйича олий кенгаш Марокашнинг барча фуқаро ва ҳарбий самолётлари ҳамда у ерда рўйхатдан ўтган барча самолётлар учун мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишга қарор қилди”, деб айтилган Жазоир ҳукумати баёнотида.

Бундан аввал, 24 августда Жазоир Марокашни “минтақада бирдамлик ўрнига можароларга олиб келган душманона ҳаракатларда” айблаб, у билан дипломатик алоқаларни узганди.

Июлда Жазоирда мамлакат аҳолиси Марокаш томонидан жосуслик дастури ёрдамида кузатилган бўлиши мумкинлиги гумонлари бўйича тергов бошланган. Гап Исроилнинг NSO Group компанияси ишлаб чиққан дастур ҳақида борган. 

Бундан ташқари, август бошида Жазоирда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлган. Мамлакат президенти бу ёнғинларни уюштиришда Жазоир шимолида яшовчи қабила халқини қўллаб-қувватловчи ҳаракат аъзоларини айблаган. Таббуннинг таъкидлашича, ҳаракат аъзолари Марокашдан молиявий кўмак олади.

Натижада Жазоир Марокаш билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилган.

Кўп йиллар давомида Жазоир ва Марокаш ўртасидаги зиддиятга Жазоир, Марокаш ва Мавритания билан чегарадош Ғарбий Саҳрои Кабир ҳудуди масаласи сабаб бўлиб келмоқда. 1976 йилгача ушбу минтақа Испаниянинг мустамлакаси бўлган, кейин эса унинг катта қисмини Марокаш босиб олган. Шундан кейин ҳудуддаги исёнчилар Жазоир кўмагида Марокашнинг бошқарувига қарши курашни бошлаган. 1976 йилда Ғарбий Саҳрои Кабир ҳудудида қисман тан олинган Саҳрои Кабир араб демократик республикаси ташкил этилган.

Мавзуга оид