Жамият | 12:31 / 28.09.2021
1428
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда бир суткада иккита ёнғин содир бўлди

Жиззах вилоятида 27 сентябрь куни иккита ёнғин содир бўлган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, ҳар иккала ёнғин қисқа туташув натижасида рўй берган ва уларда ҳеч ким жароҳатланмаган. Ёнғинлар авж олмасидан бартараф этилган.

Маълум қилинишича, жорий йил 27 сентябрь куни соат 3:37ларда Жиззах вилояти ФВБга Жиззах шаҳар «Жиззахлик» МФЙда жойлашган ошхонада ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар тушган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари ёнғин жойига етиб борганида ошхона биносининг ички ва том-шифт қисмида 80 метр квадрат майдон тутаб ёнаётгани маълум бўлган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ёнғин соат 5:15да тўлиқ бартараф этилган. Дастлабки суриштирувда аниқланишича, мазкур ёнғинга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган.

Бундан ташқари, 27 сентябрь куни соат 11:23ларда Ғаллаорол тумани «Кўкгумбаз» МФЙда жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Туман ФВБнинг ёнғин-қутқарув бўлинмаси айтилган манзилга етиб борганида 300 дона прессланган сомон ёнаётгани маълум бўлган.

Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин қисқа фурсатда бартараф этилган. Суриштирувда мазкур ёнғинга ҳам электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлгани маълум бўлган. Мазкур ёнғин оқибатида кўрилган моддий зарар миқдори 3 миллион сўмни ташкил этган.

Қайд этилишича, ҳар иккала ёнғинда ҳам ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид