12:29 / 01.10.2021
14308

АҚШ Афғонистонда ташлаб кетган қурол 85 миллиард долларга баҳоланди

Америкалик ҳарбийлар Афғонистонда ташлаб кетган қурол ва ҳарбий техниканинг умумий нархи 85 млрд долларни ташкил қилади. Бу ҳақда Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати директори Дмитрий Шугаев маълум қилди.   

Фото: AP

“Очиғини айтганда, ушбу рақам — 85 млрд доллар ваҳималидир. Ўйлаб кўринг: 22 мингта зирҳли автомобил, 358 мингта автомат, 176 та артиллерия қурилмаси, 8 мингта юк машинаси, транспорт самолётлари, юздан ортиқ вертолётлар – жангариларни бошдан оёқ қуроллантиришди”, деб айтган мутахассис.

Шугаев АҚШ қўшинларининг Афғонистондан шошмашошарлик билан олиб чиқилишига изоҳ бериб, “бундан баттарроқ сценарийни ўйлаб топиш мушкул бўлса керак”, деб айтган.

“Америкалик ҳамкорларнинг ишончлилиги вақт синовидан ўта олмади. Бундай ҳолатларда “ўз оёғига ўзи ўқ узди”, дейилади”, деб таъкидлаб ўтган Шугаев. 

АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда 2001 йил кузидан бери қолган. Бу вақт ичида 2400 америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, ҳарбий амалиётга 1 трлн доллардан кўпроқ пул сарфланган.

Август охирида Кобул аэропортидан АҚШнинг охирги самолёти учиб кетганди. Америкалик ҳарбийлар Афғонистондан кетиш олдидан эвакуация қилишнинг имкони бўлмаган ҳарбий техникани яроқсиз ҳолга келтиришга уринишган.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top