Ўзбекистон | 14:08 / 04.10.2021
3384
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистонга хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Шиксин Чен ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

ОТБ Ўзбекистонда инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш жараёнига молиялаштиришнинг янги воситаларини жорий этишга ва хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиши тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш ҳамда уй-жой ва коммунал хизматлар каби бошқа устувор соҳаларга қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида давлат-хусусий ҳамкорлик механизмларини жорий этишнинг муваффақиятли тажрибасини кенгайтириш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Стратегик ривожланиш агентлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ОТБ томонидан мазкур тузилмалар фаолиятига грант, техник ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

ОТБ раҳбарияти БМТ Бош ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси доирасида Оролбўйида экологик ва иқлим лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштиришни жалб этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид