Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермерликдан қадр топган аёлман
Қишлоқда ўсиб улғайган оддий аёлман, ёшлигимдан далага меҳр бердим. Қачонлардир ўзим ҳам мустақил равишда ерга эгалик қилиб, имкониятларим ва тажрибамдан фойдаланишни ният қилган эдим. Ушбу ниятларим мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ рўёбга чиқди.
2000 йилда фермер хўжалиги ташкил этдим. Ҳар йили ўзимизга тегишли 59 гектар майдонга пахта экканмиз. Тўғри, дастлабки йиллари анча қийналдим, чунки ер билан тиллашиш унинг дардини билиш машаққат ва вақт талаб килар экан, сабр-тоқат қилдим. Тажрибали пахтакорлар, ер билан тиллаша оладиган деҳқонлар кўмагига таяндим. Натижада пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш сир-асрорларини ўргандим.
Дастлабки йилларда пахта ва ғалла етиштириш бир томон, уни йиғиштириб олишнинг заҳмати эса иккинчи томон бўлишини ўз фаолиятимда кўп бор гувоҳ бўлганман.
Айни ғалла ўрими қизғин паллага кирган пайти комбайнларнинг тақчиллиги оқибатида навбат кутишга тўғри келган бўлса, пахта мавсуми ундан ҳам ташвишли бўларди.
Сабаби, хоҳлайсанми-йўқми қўшимча теримга жалб этиладиганларга ётоқ жой тайёрлаш, кунлик теримга жалб қилинадиганларни кутиб олиш, транспорт харажатларини қоплаш фермернинг зиммасида эди.
Пахта майдонлари кейинги икки йилда тўлиқ томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди. Бунинг учун субсидия ва бошқа имтиёзлар берилмоқда.
Фермерликни ўз зиммасига олган ҳар бир тадбиркор нафақат маҳсулот етиштириш, балки билим олиши, илм-фан ютуқларидан хабардор бўлиб уни амалиётда қўллаш билан бир вақтда матбуот ва интернет тармоқларидаги маълумотлардан ҳам хабардор бўлиши зарур.
Яқинда ижтимоий тармоқларга “Пахта, кластер ва селектор” номли мақолани ўқиб қолдим. Ҳаётнинг паст-баланди қувонч ва ташвишларини кўрган оддий фермер сифатида ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим.
Худога шукр, қанча қийинчилик, табиат инжиқликлари ва ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва сув танқислигига қарамасдан мен каби мамлакатимиздаги саксон мингдан ортиқ фермерлар мўл ҳосил етиштириб, мисқоллаб териб олиш чораларини кўрмоқда.
Энг асосийси, терим мажбурий бўлмаяпти. Биринчи галда ишчиларимиз ва маҳалладошларимиз ихтиёрий равишда теримга чиқиб, об-ҳавонинг совуқ кунларига қолмасдан, бор ҳосилни йиғиштириб олишга кўмаклашмоқда. Терим пулларини ҳар куни олиш эвазига аҳолининг моддий таъминоти яхшиланмоқда. Даладаги теримчиларга тўлиқ шароит яратиб берганмиз. Уч маҳал иссиқ овқат бепул ташкил этилиши билан биргаликда ўз ҳисобимиздан қўшимча терим пуллари ҳамда қимматбаҳо совғалар беришимиз терим суръатининг кундан-кун ошишига хизмат қиляпти.
Пахта йиғим-терими даврида ҳар куни селектор йиғилиши ўтказиляпти. Фермерларнинг вақти олиняпти, деган гаплар асоссиз. Ваҳоланки, ҳар бир мавсум олдидан унинг ташкилий масалалари кўрилиб, тегишли чоралар белгилаб олинади. Бу йил ҳам худди шундай бўлди. Ҳозирги фермер аввалги фермер эмас, алоқанинг турли тезкор тармоқларига уланганлиги сабабли юз, икки юз киши бир жойда тўпланмасдан топшириқлар олишади. Бу йил ҳам бир марта мавсум бошланиши олдидан шундай топшириқларни олдик, кластерлар билан узвий ҳамкорлик бўйича тавсиялар берилди.
Ҳисоблаб кўрсам, бир тонна пахтадан 340 килограмм тола, 55-60 килограмм чигит, 50-60 килограмм момиқ, 380 килограмм кунжара, 310 килограмм шелуха, умуман 92 турдаги маҳсулот олиш имконияти бор экан.
Буларнинг ҳаммаси мен каби заҳматкаш фермерларимизнинг пешона тери маҳсули эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчиси давлат томонидан меҳнатнинг қадр топиши ва қадрланиши экан.
Мен ана шу юртда туғилганимдан фахрланаман ва ғурурланаман. Камтарона меҳнатларимнинг натижасида қатор давлат мукофотлари соҳиби бўлдим. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвони билан тақдирланганим, меҳнатимга берилган юксак баҳо деб биламан.
Зайнаб ҲАЙДАРОВА, Нарпай туманидаги “Меҳнат роҳат” фермер хўжалиги раҳбари Ⓣ
Мавзуга оид
18:05 / 16.06.2026
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
10:45 / 12.05.2026
Фермерлар учун дизель ёнилғиси бўйича субсидия жорий этилди
09:57 / 12.05.2026
Пахта ва буғдой етиштирувчиларга янги молиявий имтиёзлар берилади
09:40 / 06.04.2026