12:16 / 06.10.2021
14017

АҚШ Тожикистон чегарачиларига 20та Жип совға қилди

АҚШ Тожикистон чегараларини мустаҳкамлашда ёрдам бериш мақсадида мамлакат Мудофаа вазирлигига умумий қиймати 1,4 миллион доллар бўлган 20та Жип автомобили берди.

Фото: АҚШ элчихонаси

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси Тожикистон чегараларини мустаҳкамлашда ёрдам бериш доирасида 20та Жип автомобилини Тожикистон Мудофаа вазирлигига топширди. Умумий қиймати 1,4 миллион долларни ташкил этадиган машиналар чегарадаги махсус кучларига вазият оғир бўлган ҳудудларда операциялар ўтказишга имкон бериши кўзда тутилган.

Транспорт воситаларини топшириш маросимида АҚШнинг Душанбедаги элчиси Жон Марк Поммершайм ва Тожикистон мудофаа вазирининг техника ва технологиялар бўйича маслаҳатчиси генерал-майор Хусрав Бобозода иштирок этган.

«Ушбу ёрдам Тожикистонга чегара хавфсизлигини таъминлаш учун кўрсатаётган кўмагимизнинг бир мисолидир. Тожикистондан чегара хавфсизлиги соҳасидаги яқин ҳамкорлик учун миннатдормиз ва биргаликдаги ютуқларимиздан фахрланамиз. Биз терроризм, наркотрафик ва ядровий қурол тарқалишига қарши курашда шерик бўлиб қоламиз ва биргаликда ишласак кучлироқ бўламиз», дея таъкидлаган Поммершайм.

Маълумотларга кўра, 1992 йилдан бери Америка Қўшма Штатлари Тожикистонга 330 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган. Ушбу ёрдам доирасида Тожикистон хавфсизлик кучларига жами 10,5 млн доллар қийматидаги 358та автомобиль топширилган. Шунингдек, 10 мингдан ортиқ тожик ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари терроризм ва таҳдидларга қарши ўқитилган, «Шамси» тинчликпарвар батальони таъмирланган ва ўқув -машғулотлар лагери қурилган.

Top