22:04 / 07.10.2021
18076

Иккиламчи бозордан харид қилинган автотранспортни расмийлаштиришдаги тўловлар қайта кўриб чиқилиши лозим — Дониёр Ғаниев

Депутат бу борада молия вазирига сўров юборилгани ва 2022 йилги давлат бюджети муҳокамасида бу масалани кўтариб чиқишини маълум қилди.

Иккиламчи бозордан автомобил харид қилинганда уни бошқа шахс номига нотариал расмийлаштириш ҳамда ЙҲХХда рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи ва йиғимлар ставкаларининг юқорилиги қўплаб фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани туфайли ушбу тўловлар қайта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.

Депутат бу мавзуни Kun.uz бир неча бор (1, 2, 3) кўтариб чиққанини қайд этаркан, охирги йилларда нотариал идоралар орқали бегона шахсларга автомобилларни тасарруф этиш ва сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончномалар сони кескин ошганини таъкидлайди.

“Ушбу ишончномаларнинг катта қисми аслида олди-сотди шартномаси экани инобатга олинса, бундай ҳақиқатга тўғри келмайдиган авто-битимлар мулк ҳуқуқи ва фуқаролик муносабатларида салбий оқибатлар келтириб чиқармоқда”, – дея ёзди Дониёр Ғаниев Telegram-каналида.

Унинг айтишича, автомобил олди-шартномасини расмийлаштириш харажатлари камайса, уларнинг сони ошиб, давлат бюджетига ундирилиши кўзланган тушумлар миқдори ошади.

Депутат молия вазирига 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда автомобил олди-шартномасини расмийлаштириш учун белгиланган тўловлар миқдорини пасайтириш имкониятини кўриб чиқишни сўраб, депутат сўрови юборилганини, шунингдек, парламентда бюджет лойиҳаси муҳокамаси бошланганда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, кун тартибига олиб чиқишга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Top