Жаҳон | 11:21 / 10.10.2021
3422
3 дақиқада ўқилади

Ироқда илк бор ҳукумат аъзоларисиз парламент сайловлари бўлиб ўтади

10 октябрда Ироқда муддатдан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтади. Вакиллар кенгашидаги 329та депутатлик мандатига 3,2 мингдан кўпроқ номзод, жумладан 951 аёл даъвогарлик қилмоқда.

Фото: EPA/ALI ABBAS

83 та сайлов округида парламентдаги ўринлар учун 109 та партия ва асосан диний-миллий аломат бўйича шакллантирилган 21 та коалиция кураш олиб боради. Коалициялар орасида 7 та шиа, 4 та сунний ва 2 та курд коалицияси бор. 

Ироқда муддатдан олдин парламент сайловлари ўтказилишига эҳтиёж 2019 йил кузда мамлакат ҳукуматга қарши норозилик намойишлари гирдобида қолгандан кейин пайдо бўлди. Намойишлар 2018 йилдаги сайловлар натижаларига кўра шакллантирилган вазирлар маҳкамасининг истеъфосига олиб келган. 

Дастлаб 6 июнда ўтказилиши режалаштирилган сайловлар ўта юқори хавфсизлик шароитида ўтади. Жумладан, мамлакатда ушбу кун барча чегара ўтиш жойлари ва аэропортлар ёпилади.

40 млнлик Ироқда сайлов ҳуқуқига 27 млнга яқин фуқаро эга. Бироқ экспертларнинг фикрича, аҳолининг ҳукуматга ишонмаслик даражаси юқорилиги ва иқтисодиётдаги давомий инқироз сабабли сайловлардаги давомат 40 фоиздан ошиши даргумон.

Ироқда 2003 йилда Саддам Ҳусайн тузуми қулагандан кейин мамлакат сиёсатида шиа партиялар ва улар томонидан тузилган коалициялар етакчи рол ўйнай бошлаган.

Жумладан, жорий сайловларда шиа имоми Муқтадо ас-Садр бошчилигидаги “садрчилар” ҳаракати коалицияси ғалаба қозониш учун катта имкониятга эга. Ушбу ҳаракат анъанавий равишда ижтимоий адолат ўрнатилиши, мактаб ва шифохоналар қурилиши ва Ироқнинг ишларига хориждан аралашмасликни талаб қилиб келади.

Сунний алянслар ичида нуфузли тадбиркор Ҳамис ал-Ҳанжар бошчилигидаги “Азм” коалицияси ажралиб туради. Айни вақтда ал-Ҳанжар коррупция бўйича айбловлар сабабли БМТ санкциялари остига тушган бўлиб, Эрон ва Қатар билан яхши муносабатларга эга.

Сайловлар олдидан Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий уларни “ўзгаришлар учун тарихий имконият” деб атаган. Шу муносабат билан Ироқ раҳбарияти ҳар бир сайлов участкасида хавфсизликни таъминлаш учун жиддий ишлар олиб борди. Сайловларда иғвогарлик ва терактлар содир этилиши олдини олиш мақсадида куч тузилмаларининг 250 мингдан кўпроқ ходими хизмат олиб боради.

Эътиборлиси, жорий сайловларда Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилган 2003 йилдан кейин туғилган ироқликлар илк бор иштирок этади.

Шунингдек, Ироқнинг замонавий тарихида биринчи марта амалдаги ҳукумат аъзолари сайловларда иштирок этмасликка қарор қилдилар. Улар сайловларнинг максимал очиқ-ойдин ва адолатли ўтишини таъминлашни мақсад қилишган.

Маълумотларга кўра, сайловлар бориши ортидан 85 та давлатдан мингдан кўпроқ вакил кузатув олиб боради. Жумладан, БМТнинг ўзидан сайловларга 900 кузатувчи жўнатилган.

Таъкидланишича, сайловлар натижаларига якун ясаш ва уларни эълон қилиш Ироқдаги вазиятнинг кейинги ривожига катта таъсир кўрсатади. Аввалги тажрибаларнинг кўрсатишича, у ёки бу сиёсий кучнинг сайловлар натижаларидан қониқмаслиги мамлакатда оммавий норозиликлар ва инқирозга олиб келиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид