Ўзбекистон | 13:46 / 12.10.2021
4942
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 100 мингдан ортиқ аҳоли ишсиз - Шавкат Мирзиёев

Бухоро вилоятида бугунги кунда 100 мингдан ортиқ аҳоли ишсиз. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди.

“Бухорога келишдан олдин мен вилоят тадбиркорлари, партиядошларим билан маслаҳатлашдим, аҳоли мурожаатларини ўргандим. Вилоятнинг асосий кўрсаткичлари ҳам чуқур таҳлил қилинди.

Ўтган беш йилда Бухорода кўплаб янги корхоналар, уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўллар ва бошқа муҳандислик объектлари қурилди. Шаҳар ва туманлар марказлари, қишлоқ ва маҳаллалар тобора обод бўлмоқда.

Шу билан бирга, вилоятда ўз ечимини кутаётган қатор масалалар борлиги ҳам ҳақиқат. Бугунги кунда вилоятда 100 мингдан ортиқ аҳоли ишсиз. Жорий йилнинг ўзида вилоят аҳолисидан иш ўринлари бўйича 6 мингдан зиёд ҳамда 8 мингдан ортиқ ижтимоий ёрдам тўғрисида Халқ қабулхоналарига мурожаатлар келиб тушган.

Шу боис, Бухоро вилоятини ривожлантириш учун барча идора ва тармоқлар биргаликда режаларини белгилаб, тинимсиз ишлашимиз керак. Юқоридагиларни инобатга олиб, Бухоро вилояти иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича беш йиллик дастурни ишлаб чиқдик”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид