Ўзбекистон | 18:13 / 12.10.2021
2392
2 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродов: “Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити яхшиланади”

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов 12 октябрь куни хоразмлик сайловчилар билан учрашди.

Фото: Экологик партия

Учрашувда Нарзулло Обломуродов Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга эътибор қаратилиши орқали ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланишини айтди.

“Бунинг учун қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, мавжуд сув захираларидан унумли фойдаланиш ишлари ҳам галдаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Айниқса, Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш, яшилликни кўпайтириб экологик муҳитни барқарорлаштириш ҳам кун тартибидаги долзарб вазифаларимиздан биридир”, – деди номзод.

Ўз сайловолди дастури билан таништирар экан, Нарзулло Обломуродов чиқиндиларни қайта ишлаш орқали даромад олишга эътибор қаратди.

“Бугунги кунда ҳар томонлама тежамкор технологиялардан унумли фойдаланиш биз учун янги имкониятлар эшигини очади. Амалда инновацион технологияларни жорий қилиш, экология соҳасида қабул қилинаётган ҳар қандай қонун ва қарорлар, дастурларда авваламбор, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси энг устувор аҳамият касб этиши керак.

Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлашга эътиборни кучайтиришимиз, бу соҳага инвестицияларни жалб этиб, чиқиндидан даромад олишни йўлга қўйишимиз керак”, – таъкидлади Нарзулло Обломуродов ўз нутқида.

Экопартия номзоди Урганч шаҳридаги Беруний меъморий мажмуасида вилоятнинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари, Беруний меъморий мажмуаси ишчи-ходимлари билан суҳбатлашиб, бир неча йиллар олдин ноёб турлардан бири бўлган Бухоро буғуси – Хонгулининг Хоразм иқлимига қанчалик мослаша олгани билан ҳам қизиқди.

Анъанага кўра, ушбу вилоятдаги сайловчилар билан учрашувда ҳам мажмуа ҳудудига дарахт экилди.

Аввалроқ, қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашган номзод экологияга етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилини илгари сурган эди.

Мавзуга оид