Ўзбекистон | 12:14 / 13.10.2021
1305
3 дақиқада ўқилади

Чўл ҳудудлардаги 20 минг гектар яйлов ёшларга тақсимланади - Президент

Навоийда вилоятида маҳаллий саноат лойиҳалари учун 13 та янги саноат ҳудуди ташкил этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Энди Навоийда ҳар йили Халқаро саноат ва кооперация форуми ўтказилади. Маҳаллий саноат лойиҳалари учун вилоятда 13 та янги саноат ҳудуди ташкил этилади. Маҳаллийлаштириш лойиҳалари учун кредит фоизларининг 10 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Қурилиш материаллари саноатида 577 миллион доллар инвестициялар ҳисобига 235 та лойиҳа амалга оширилади ва 15 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Ғозғон шаҳрида 2 йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида 14 та корхона ишга туширилиб, 1 мингта иш ўрни яратилди. Эндиликда ушбу кластер кенгайтирилиб, 20 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга ошади. Айрим тадбиркорлар Хитойдан тош олиб келади, ўзимизнинг Ғозғон тошларидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни билмайди. Уям тош! Нима, бизнинг тошимизнинг ҳиди борми?!

Бу лойиҳаларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, электр тармоғи тортилади ва подстанциялар қурилади. Бунга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Пардозбоп тошлар экспортидаги транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш жорий этилади. Шунингдек, Карманада 80 минг тонна базальт хомашёсидан тола ва арматура ишлаб чиқариш бўйича, 50 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали, қурилиш материаллари саноатида йилига 180 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 

Тўқимачилик саноатида келгуси беш йилда 290 миллион доллар бўлган 120 та йирик лойиҳа ишга туширилиб, 27 мингта иш ўринлари ташкил этилади. Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчида 55 миллион долларлик тўқимачилик корхоналари ишга туширилиб, мато ва тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Натижада, газлама мато ишлаб чиқариш 10 баробарга, трикотаж мато – 3 баробарга ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари – 2 баробарга оширилади.

Шунингдек, вилоятда 30 минг тоннадан кам бўлмаган ҳажмда сунъий тола ишлаб чиқариш учун, тадбиркорларга тайёр бизнес-режа ва молиявий ресурслар тақдим этилади. Амалга оширилган ислоҳотлар ҳисобига тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробарга кўпайиб, 560 миллион долларга етказилади.

Электротехника саноатида 192 миллион доллар бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилади ва 1,5 мингта иш ўрни яратилади. Бу йўналишда ишлаб чиқариш ҳажмлари 5 баробарга кўпайиб, 450 миллион долларлик электротехника маҳсулотларини тайёрлаш йўлга қўйилади. 

Чарм-пойабзал саноатида 110 миллион долларлик 68 та лойиҳалар доирасида 13 мингта янги иш ташкил этилади. Натижада, пойабзал ишлаб чиқариш қувватлари 3 баробарга, чарм-атторлик маҳсулотлари ва чармдан кийим ишлаб чиқариш 2 баробарга оширилади. Чарм-пойабзал саноати учун хомашё базасини кенгайтириш мақсадида чўл ҳудудлардаги 20 минг гектар яйлов ёшларга тақсимланади ва зарур сув қудуқлари қазиб берилади. Шунингдек, ёшларга қоракўл қўйлари етказиб берилади ҳамда ундан олинадиган тери ва жунни сотиб олиш, қайта ишлаш тизими йўлга қўйилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид