Ўзбекистон | 11:27 / 13.10.2021
409
2 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳрида драма театри қурилади

Навоий шаҳрида замонавий талабларга жавоб берадиган драма театри барпо этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди. 

“Хабарингиз бор, ҳозирги вақтда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга катта эътибор қаратяпмиз. Шу маънода, улуғ авлиё, мавлоно Ориф Деггароний номи билан аталадиган меъморий мажмуани реставрация қилиш ҳамда уни сайёҳлик маршрутига киритиш муҳим вазифамиздир.

Шунингдек, Кармана тарихини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу шаҳарнинг ёшини аниқлаш бўйича илмий тадқиқотларни кучайтириш зарур. Навоий вилоятида азалдан сангтарошлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик ва бошқа кўплаб амалий санъат турлари кенг ривожланган. Айниқса, Нурота каштачилик мактаби бетакрор анъаналари билан шуҳрат қозонган. Шуни эътиборга олиб, Нурота шаҳрида “Каштачилик маркази”ни ташкил этсак нима дейсизлар ? 

Ҳаммамиз яхши биламиз, вилоятда ҳалигача биронта театр мавжуд эмас. Шу боис, Навоий шаҳрининг кўркам массивларидан бирида замонавий талабларга жавоб берадиган драма театрини барпо этсак, ўйлайманки, вилоят аҳлининг кўнглидаги иш бўлади.

Сармишсойдаги икки минг йиллик тарихга эга нодир қоятош суратлари ЮНЕСКО томонидан инсоният номоддий мероси рўйхатига киритилгани сизларга яхши маълум. Яқинда Тўдакўл сув ҳавзаси дунёнинг 170 дан ортиқ давлати аъзо бўлган Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилди. Умумий майдони қарийб 32 минг гектарни ташкил этадиган ушбу кўл ва унинг бебаҳо соҳиллари бутун дунёдан қушлар учун муҳим тўхтаб ўтиш жойи ҳисобланади. Шунинг учун вилоятда айниқса Тўдакўл ҳудудида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тузиб, уни амалга оширамиз”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид