Спорт | 23:48 / 14.10.2021
16722
1 дақиқада ўқилади

Эмманюэль Макрон футбол учрашувида пенальтидан гол урди

Франция президенти Эмманюэль Макрон Париж яқинидаги Пуасси коммунасида ўтган хайрия футбол учрашувида иштирок этиб, пенальтидан гол уришга муваффақ бўлди. Учрашув “Варьете” футбол клубининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилган ва ундан мақсад Франциядаги шифохоналар учун пул йиғиш бўлган.

Фото: Ian Langsdon, Pool Photo via AP

43 ёшли Макрон майдонга 3-рақам остида тушган ва ярим ҳимояда ўйнаган. Унинг жамоасида “Арсенал” инглиз клубининг собиқ мураббийи Арсен Венгер, Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчилари Кристиан Карамбё ва Марсель Десайи ҳам тўп сурган. Уларга қарши Пуасси госпитал маркази ходимлари терма жамоаси ўйнаган.

Учрашув 1:1 ҳисобида якунланган. Макроннинг ўйиннинг дастлабки дақиқаларида киритган голи томошабинлар томонидан қизғин олқишланган.

Ўйин вақтида йиғилган пуллар Макроннинг рафиқаси раҳбарлиги остидаги Париж госпиталлари жамғармасига йўналтирилади. Ушбу жамғарма болалар шифохоналарига кўмак кўрсатиш билан шуғулланади.

Франция президенти ёшлигида футболга қизиққан, талабалик йилларида эса Страсбург шаҳри миллий маъмурият мактаби жамоасида ҳужумчи сифатида ўйнаган.

“Варьете” клуби 1971 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига собиқ профессионал футболчилардан ташқари, таниқли француз санъаткорлари ва Монако шаҳзодаси Альбер II ҳам киради.

Мавзуга оид