22:07 / 15.10.2021
8036

АҚШда Boeing 737 Max ҳалокатлари бўйича илк айбловлар эълон қилинди

Фото: AP Photo/Elaine Thompson

АҚШнинг Техас штати шимолий округи федерал катта ҳайъати Boeing 737 Max самолётлари билан 2018 ва 2019 йилларда юз берган авиаҳалокатлар бўйича Boeing’нинг собиқ ходими Марк Форкнерга айблов билдирди. Форкнер Boeing 737 Max’ни ишлаб чиқишда иштирок этган техник учувчилар гуруҳига бошчилик қилган.

Унга АҚШ федерал фуқаро авиация бошқармасини (FAA) ва Boeing мижозларини алдаш мақсадида фирибгарлик содир этиш айблови илгари сурилди. Бу Boeing 737 Max самолётлари билан юз берган ҳалокатлар бўйича АҚШда илгари сурилган биринчи айблов ҳисобланади.

Тергов фикрича, авиакомпаниялар учувчиларини ўқитишга жавобгар бўлган Форкнер FAA’ни алдаб, Boeing томонидан самолётга киритилган баъзи ўзгаришларни яширган. Жумладан, айбланувчи компания самолётнинг манёвр кўрсаткичларини яхшилаш тизимига киритган ўзгаришлар ҳақида FAA’га айтмаган. Кейинчалик айнан шу тизим авиаҳалокатлар сабаби деб топилган. Бундан ташқари, Boeing мижозлари самолёт ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотлардан бехабар тарзда ўн миллионлаб долларлик самолётлар сотиб олган.  

Boeing’нинг собиқ ходимига умумий ҳисобда 6та банд бўйича айблов билдирилган. Улар бўйича айбланувчи бир неча ўн йиллик қамоқ жазоси олиши мумкин.

2018 йил октябрда Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли ва 2019 йилда Ethiopian Airlines авиакомпаниясига қарашли 737 MAX самолётлари билан юз берган авиаҳалокатлардан кейин кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ ва Европа иттифоқи давлатлари ушбу сериядаги самолётлар эксплуатациясини тўхтатиб қўйганди. Иккита авиаҳалокат оқибатида умумий ҳисобда 346 киши ҳалок бўлган.

Ушбу лайнерлардан фойдаланиш улардаги муаммолар бартараф этилгач, 2020 йил декабр ойидагина АҚШда яна йўлга қўйилган.

Top