16:17 / 15.10.2021
6687

Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бошланди

Кеча, 14 октябрдан Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бошланди. Муддатидан олдин овоз бериш 20 октябргача (шу куни ҳам) давом этади.

Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.

«Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади», – дейилади қонунчиликда.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга уч кун қолганида (20 октябрь куни) тугалланади.

2021 йил Ўзбекистон президенти сайлови илк маротаба куз ойига – октябрь ойи 3 ўн кунлигининг биринчи якшанбасига (24 октябрга) кўчирилди.

Марказий сайлов комиссияси сайлов жами 10760 та сайлов участкасида ўтказилишини маълум қилган. Жумладан, 50дан ортиқ хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарда Ўзбекистон фуқаролари сайловда қатнашиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудидаги сайлов участкаларнинг асосий қисми таълим муассасалари, маҳалла ва тиббиёт муассасалари биноларида жойлашган. Сайлов жараёнларини онлайн ёритиш учун ҳозиргача 1,5 мингдан ортиқ ОАВ вакиллари ва юзлаб хорижий кузатувчилар аккредитациядан ўтказилган. 207 та туман ва шаҳарлардаги биттадан сайлов участкасига 2 тадан, жами 414та кузатув камералари ўрнатилади.

МСК маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги сайловчилар сони қарийб 21,2 миллион кишини ташкил қилади. 20 сентябрдан бошланган тарғибот тадбирларида 5та партиядан президентликка номзодлар қатнашмоқда.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top