12:27 / 18.10.2021
10404

АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Ўзбекистон расмийлари билан музокара ўтказди 

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

АҚШ мудофаа вазирининг махсус амалиётлар ва паст даражадаги низолар бўйича ёрдамчиси Кристофер Майер Ўзбекистонда чегара хавфсизлиги масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм маълум қилди.

«Мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегациянинг ташрифи давомида сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича самарали музокараларда қатнашганимдан ва чегара хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилганимдан жуда мамнунман», деб ёзди дипломат Twitter’да.

Аввалроқ, Politico нашри Вашингтон ва Тошкент ўртасида яқинроқ алоқалар ўрнатиш борасидаги ишлар анча чуқурлашгани ва АҚШ парламентида Ўзбекистоннинг дўстлари ортиб бораётгани ҳақида хабар берганди.
 
Нашр октябрь ойи давомида Пентагон расмийларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилаётгани ва хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинишини билдирганди. Ташриф давомидаги асосий масала АҚШнинг терроризмга қарши кураш кучларини «уфқда» жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилиш бўлиши айтилган.

Ўз навбатида, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш муҳокама қилинмаётганини маълум қилган.

«Ўзбекистонда АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти кун тартибида йўқ ва муҳокама қилинмаяпти», деган вазир журналистлар саволига жавобан Минскда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, АҚШнинг аксилтеррор бўлинмаларини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган ва бу масала айни пайтда кўриб чиқилмаяпти.

АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондаги ҳарбий операцияларни амалга оширишда 2001–2014 йилларда Қирғизистоннинг «Манас» аэропортидан ҳамда 2001–2005 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг «Қарши-Хонобод» ҳарбий базасидан фойдаланган.

Top