Жамият | 19:41 / 18.10.2021
12764
2 дақиқада ўқилади

Когон шаҳрининг собиқ ҳокими 58 ёшида вафот этди

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Бухоро вилояти Когон шаҳрининг собиқ ҳокими Ҳаким Ҳошимов 17 октябрь куни 58 ёшида оғир хасталикдан вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши, Бухоро вилояти ҳокимлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Меҳнаткаш, фидойи инсон Ҳаким Ҳошимовнинг ёрқин хотираси вилоят ҳокимлиги жамоаси, депутатлик корпуси вакилларининг қалбида мангу яшайди», дейилади таъзияномада.

Марҳумнинг ўлими сабаби келтирилмаган.

Ҳаким Ҳошимов 1963 йил январида Вобкент туманида оддий ишчи хонадонида таваллуд топди. 1985 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини «Бухороирдавқурилиш» трестига қарашли 37-сон кўчма механизациялашган колоннада уста сифатида бошлаган. 1986-2000 йилларда «Амубухороканалқурилиш» ҳиссадорлик жамияти 3-сон қурилиш монтаж бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 2002-2004 йилларда Бухоро шаҳар Ф.Хўжаев тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2004-2010 йилларда Бухоро шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2010-2014 йилларда Осиё тараққиёт банки иштирокида Бухоро вилояти туманларини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари, 2014-2017 йилларда Бухоро вилояти «Сувоқова» ДУК бўлим бошлиғи, корхона бошлиғи ўринбосари, корхона бошлиғи, 2017-2018 йилларда Бухоро вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

Ҳаким Ҳошимов 2018 йилнинг 7 февралида Когон шаҳри ҳокими этиб тайинланганди. У 2021 йил мартида президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи ортидан лавозимидан озод этилган эди.

Мавзуга оид