Ўзбекистон | 11:01 / 16.12.2021
15003
3 дақиқада ўқилади

Когон шаҳар ҳокимлигига “беғараз совға”. Бу сафар савдо дўкони

Ўзбекистонда яна бир ҳокимликка “беғараз совға” берилди. Фақат бу сафар қимматбаҳо машина ёки квартира эмас, фуқаро ўз савдо дўконини Когон шаҳар ҳокимлигига тақдим қилди. Ҳокимлик эса уни қарор асосида қабул қилиб олди.

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги

Фуқаро Х.Рашидова Когон шаҳар ҳокимига ариза орқали мурожаат қилиб, шаҳар бош бекатидаги ўзининг шахсий мулки бўлган, майдони 60 метр² савдо дўконини ҳокимликка беғараз топширди. Шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатов 15 декабрь куни савдо дўкони биносини ҳокимлик балансига қабул қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Қарорда мулкни қабул қилиб олиш учун Уй-жой кодексининг 12-моддаси асос сифатида келтирилган. Бироқ кодекснинг бу моддасида умуман бошқа қоида акс этган: давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари мулкчиликнинг бошқа шаклига ўтганда ёки улар қайта ташкил этилганда уларнинг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган уй-жой фонди ушбу корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқий ворисларига (агар улар аниқланган бўлса), бошқа юридик шахсларга мулк қилиб ўтказилиши мумкин.

Ҳоким қарори билан тегишли масъулларга савдо дўконини нотариал идора билан биргаликда белгиланган тартибда қабул қилиш, кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича топшириқлар берилган.

Фуқаронинг ўз мулкини ҳокимликка беғараз топшириши ижтимоий тармоқларда яна саволлар билан қарши олинди. Тармоқ фойдаланувчилари ўз изоҳларида бу “ҳиммат” ортида бошқа мақсад борлигини, агар беғараз бўлса, уни ҳокимликка эмас, ночор ёки касалманд оилаларга тақдим қилиш фойдалироқ бўлишини билдиришган.

Олдинроқ фуқаро Зиёда Латипова ўзига тегишли Mercedes-Benz S500 Hybrid русумли автомобилни Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз тақдим этганди.

Кўп ўтмай Чилонзорда рўйхатдан ўтган “AST LIDER” қурилиш компанияси ўзига тегишли 3 хонали янги квартирани туман ҳокимлигига совға қилгани маълум бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов охирги пайтларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари томонидан қайсидир ҳомийлар орқали ёхуд ҳомийлик ниқоби остида қанақадир қурилишларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ҳолатлари ҳам кузатилаётгани, буларнинг барчасида ҳам ғараз ниятлар, мақсад бўлмаслиги мумкинлиги, лекин айримларида афсуски шунақа ҳолатлар ҳам борлигини айтганди.

Мавзуга оид