Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов 30 ноябр куни учта туман, битта шаҳарга ҳоким тайинлади. / Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

29 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Бухоро вилоятини ривожлантириш бўйича танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Расмий релизга кўра, унда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилган, инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилган.

Вилоятдаги ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарларига 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиш топшириғи берилган.

Йиғилишнинг эртасига, 30 ноябр куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов халқ депутатлари Пешку, Вобкент ва Қоровулбозор туманлари ҳамда Қогон шаҳри кенгашларини чақириб, янги ҳокимларни тайинлади.

Пешку туманини 2020 йил декабрдан буён бошқариб келган Ваҳоб Ҳамидович Қаҳҳоров ҳоким лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Ҳаёт Ҳасанович Давлатов тайинланди. Давлатов 2021 йил март ойидан бери Когон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Ҳаёт Давлатов / Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешку туманида туғилган. 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини, 2011 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – менежмент, иқтисодчи. Иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги Иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи, Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.