Жамият | 15:03 / 18.10.2021
37385
5 дақиқада ўқилади

Тирикчилик кўйидаги аёл фожиаси

2021 йил 8 октябрь куни Янги-Ангрен ИЭС атрофидаги ҳудуддан металлолом излаган 34 ёшли аёлни тупроқ босиб қолди. У йиғган темирларини пуллаб, фарзандларига қишлик кийим олиб бермоқчи эди.

Аёл нолимади, бировдан ёрдам кутмади ва эҳтимол шунинг учун оилада ҳам, жамиятда ҳам унинг қийинчиликларига ҳеч ким эътибор қаратмади. Марҳумнинг дугонаси Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукнига унинг тақдири ҳақида сўзлаб берди.

— Дугонам Вазира билан болаликдан бирга катта бўлдик, битта косадан овқат еганмиз. Ниҳоятда содда, очиқкўнгил қиз эди. Бировга зарари тегишини истамасди. Ҳаттоки ота-онасига ҳам юк бўлмаслик учун ўзи тинимсиз меҳнат қилиб, ўз кунини кўришга ҳаракат қиларди. Доим кийим-кечаги, ҳамма эҳтиёжи учун меҳнати билан ўзи пул топарди. Далага чиқиб пиёз ўтоқ қилиш борми, картошка-сабзи кавлаш борми, ҳаммасига кетаверарди. Кеч кузги пахта теримигача меҳнат қиларди.

Йиллар ўтиб, улғайиб, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Дугонам ҳам турмушга чиқиб, оилали бўлди. Турмушнинг қийинчиликлари бошланди. Орада турмуш ўртоғи қандайдир сабаб билан маълум вақтга қамалиб қолди. Шундаям у ҳеч кимдан ёрдам сўрамади, болаларини ўзи парваришлаб катта қилди. Табиатан шунақа эдики, бир марта ёрдам сўраши мумкин эди. Қайтиб сўрамасди, қўл силтаб, кўз юмиб қўя қоларди холос.

Сурайё Муҳиддинова, марҳуманинг яқин дугонаси

Фарзандлари учтага етди: икки ўғилдан кейин яна бир қизчали бўлди. Уч овсин битта ҳовлида яшашларини ҳисобга олиб, ижара уйга чиқиб кетишди. Айрим сабаблар билан ижарада яшаш ноқулай бўлди, шекилли, ота уйига кўчиб борди. Бир муддат ота уйида яшаб турди. Нимадир бўлиб, у ердан ҳам чиқиб кетди. Шундан сўнг шу қишлоқдаги бир уйда ижарада яшаб турган эди.

Жамиятдаги бефарқликми, оиладаги етишмовчиликми... нимани сабаб қилишниям билмайман. Лекин энди у орамизда йўқ. Рўзғор тебратаман деб, болаларини боқаман деб, бир неча кун аввал ҳаётдан кўз юмди.

Янги-Ангрен ИЭС атрофидаги ҳудудда қазиб ташланган чуқурлар бор. Шу ерда эскидан қолган темир бўлакларини топиш мумкин экан. Дугонам шуларни териб, металлоломга топширмоқчи бўлган. 3-4 сўм пул бўлади деб, шуларни кавлаётган вақтда устига тупроқ кўчган ва уни босиб қолган.

Ёнида ўғли ҳам бўлган, бориб одамларни чақириб келгунча вақт ўтган ва дугонам жон бериб бўлган экан. Бола онасининг айнан қаерда эканини тополмай қолган, қидириб 4 соат деганда тупроқ орасидан унинг жасадини топишди.

Хўжайини мавсумий ишлар билан шуғулланарди, анча вақт аввал Наманганга ишга кетган экан. Дугонам туғилган куни яқинлашаётган ўғлига иссиқ кийимлар совға қилмоқчи бўлиб, шу ерга борган экан. Уч фарзанди қолди – каттаси 14 ёш, кенжаси ҳали 1,5 ёшда.

Унинг орзулари кўп эди, энг катта орзуси – уйи бўлишини истар эди. “Биттагина уйим бўлса, ватаним бўлса эди, яхши яшаб кетардим”, деб ният қиларди. Ҳозир ижарада яшаб турган Ақча қишлоғидаги уйни сотиб олмоқчи бўлган экан. Лекин имкони бўлмагани учун пулини тўлай олмаган.

Умри фақат қора меҳнатда ўтди. Иссиқхоналарга чиқиб ишлаганини, ёш боласини ташлаб оҳак қоплаш учун ишга чиққанини билардим. Қаерда меҳнат бўлса қочмасди, ҳар доим ҳалол топишга ҳаракат қиларди.

Ёшлигимизда қўғирчоқларимизга кўйлак тикиб, бирга ўйнаб юрардик. Бир куни “вой” деди-ю, ўтириб қолди. Югуриб бориб қарасам, ерда ётган нина оёғининг остидан кириб устига чиқиб қолган. Авайлаб олиб ташладим. Шу ҳолатидаям мени қўрқмасликда мақтаб, ўзининг азобланганини билдирмади. Шундаям ўз оғриғини сездирмаган.

Болаларини жудаям яхши кўрар эди, уларга гард юқтирмай катта қилаётган эди. Фарзандларини биров хафа қилса, улардан баттар хафа бўлар эди. У ҳеч қачон турмушидан нолимади, лекин уйи йўқлигидан доим сиқиларди. Болаларини ўз уйида катта қилишни орзу қилган. Шу мақсадда тинимсиз меҳнат қилди.

Энди уч боласининг тақдири нима бўлишидан хавотирдаман. Уларни бир жойга йиғиб турадиган уйи бўлиши керак, бу уларнинг келажагига ҳам таъсир қилади.

Бутун бошли жамиятда бир аёлни асраб қолишга куч топилмади. Болам-чақам деб не орзу-армонларда ўтиб кетди. Ҳеч бўлмаганда унинг уч фарзандига бироз бўлса-да эътибор қаратилса, яхши бўларди. Уларнинг келажаги онасиникига ўхшамаслиги керак.

Аёл сифатида дугонам фақат она бўлди – бошқа ҳеч нарса кўрмади. Она сифатида бахтли эди. Лекин аёл сифатида жамиятда ўзининг ўрни бўлмади, ўзининг иши бўлмади.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид