Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми камайди
Ўтган ой давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1,02 млрд долларга камайди. Бунга асосан жаҳон бозорида олтин нархининг пасайгани сабаб бўлиши мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,41 млрд долларни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 1 сентябрь ҳолатига кўра 35,43 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 1,02 млрд долларга камайганини кўрсатмоқда.
Бунга қуйидаги омиллар таъсир ўтказган бўлиши мумкин:
Биринчидан, захираларнинг кескин камайишига жаҳон бозорида олтин нархи пасайгани сабаб бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки ўтган бир ой давомида олтин ҳажми 12,1 миллион троя унциядан 12,3 миллион троя унцияга (тахминан 6,22 тонна) кўпайган бўлса-да, унинг қиймати 21,87 миллиард доллардан 21,34 миллиард долларга пасайган. Маълумот учун, 1 сентябрь ҳолатига кўра, 1 унция олтин нархи 1814 долларни ташкил этган бўлса, 1 октябрь куни бу кўрсаткич 1753 долларгача арзонлашган.
Иккинчидан, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари қарийб 480 млн долларга камайган. Бунинг аниқ сабаблари эса келтириб ўтилмаган.
2021 йилдаги умумий ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, йил бошидан бери Ўзбекистоннинг расмий захиралари 490 млн долларга камайган (1 янвaрь ҳолатида 34,9 млн долларни ташкил этган бўлса, 1 октябрь ҳолатида 34,41 млн доллар). Бунда хорижий валюта захиралари 2 млрд 353 млн долларга пасайган бўлса, қуйма шаклдаги монетар олтин қиймати 1 млрд 128 млн долларга (олтин миқдори 49,76 тонна) ошган. Ўзбекистон йил бошидан бери деярли олтин экспорт қилмади. Захиралардаги олтин ҳажми фақатгина апрель ойида 0,3 млн троя унцияга камайган.
Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024