19:01 / 29.10.2021
9469

Эрон президенти Шавкат Мирзиёевни Теҳронга таклиф қилди

Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг учрашувида иштирок этиш учун Теҳронга ташриф буюрган Абдулазиз Комилов Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий билан учрашди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Эрон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, учрашувда Эрон раҳбари икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни биродарлик руҳида ва ривожланиш босқичидаги муносабатлар деб атаган. «Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш учун ҳеч қандай тўсиқларни кўрмаяпти», деган у.

Эрон раҳбари Афғонистондаги вазият ҳақида ҳам тўхталган.

«Ташқи кучлар, айниқса АҚШнинг Афғонистонда бўлиши мамлакат учун жабр, қон тўкилишлари, ўлимлардан бошқа ҳеч нарсани олиб келмади. Биз афғон халқига тинчлик ва хавфсизлик «лаззати»ни тотишга ёрдам беришимиз керак», деган Раисий.

Маълум қилинишича, Эронда ҳозирги кунда 4 миллионга яқин афғонистонликлар ва ҳукумат уларга гуманитар ёрдам бериб келмоқда. Эрон президенти Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари учрашуви масалага умумий ечим топишга ёрдам беришини айтган.

Абдулазиз Комилов икки давлат ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эгалиги ва Ўзбекистон бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишга тайёрлигини билдирган. Комилов ҳам Афғонистон масаласига тўхталиб ўтган.

«Қудратли давлатлар Афғонистон учун ҳеч нарса қила олмаганини ҳисобга олсак, Теҳрон саммити катта сиёсий маънога эга ва биз натижаларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Эрон ташқи ишлар вазирлиги.

Комилов Ўзбекистон Эрон Ислом Республикаси билан минтақавий ва халқаро муносабатларда яқин ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилишини билдирган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Эрон президенти Иброҳим Раисий Шавкат Мирзиёевни Теҳронга расмий сафар билан ташриф буюришга таклиф этди.

Шунингдек, Раисий Ўзбекистон президентига Эрон Ислом Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишида қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Аввалроқ, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонда турли инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказгани хабар қилинган эди

Top