Жаҳон | 11:44 / 29.10.2021
6591
2 дақиқада ўқилади

Грузия бош вазири Саакашвили Украинага берилмаслигини маълум қилди

Ираклий Гарибашвили / Фото: Имеди

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг муддатдан олдин озод этилиши ёки Украинага берилиши истисно этилади. Бу ҳақда Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, ушбу икки вариантдан бирининг амалга ошиши ҳам Грузия ҳукумати “мамлакат қонунларини ҳурмат қилмаслигини” англатган бўларди. 

“Агар биз бу икки вариантдан бирини қилсак ҳам, ҳукумат ариза ёзиб, эртаси куниёқ истеъфога кетиши кераклигини англатади”, деб айтган “Имеди” телеканалига берган интервьюсида Гарибашвили.

Бош вазирнинг айтишича, Саакашвили тарафдорларининг полиция билан тўқнашувларига йўл қўймаслик мақсадида бир ойга яқиндан бери очликни давом эттираётган собиқ президент хусусий клиникага даволаниш учун ўтказилмайди. Чунки бундай клиникада “ҳеч қандай хавфсизлик шароити” йўқ.  

“Бундай ҳолда биз полиция қўйишимизга, махсус воситалар қўллашимизга тўғри келади ва тартибсизликларга тўқнаш келамиз”, деб таъкидлаб ўтган Гарибашвили.

Айни вақтда Саакашвили Рустави шаҳридаги қамоқхонада ушлаб турилибди. У Грузияга қайтгандан кейин 1 октябрда ҳибсга олинганди. Ўшандан бери собиқ президент ҳибсга олинишига норозилик сифатида очликни давом эттирмоқда. Жорий ҳафтада унга реаниматолог ёрдами талаб этилган.

Саакашвили ватанида бир қатор жиноий ишлар бўйича максимал 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. 20 октябрда унга яна бир айблов – Грузия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айблови билдирилган. 

Сиёсатчи айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид