14:45 / 30.10.2021
48069

Ўзбекистонда ишсизлик сабаблари: маош камми ёки яхши ходим?

Ўзбекистонда парадоксал ҳолатни кузатиш мумкин — бир қарашда ишсизлик даражаси юқори, лекин шу билан бирга аксарият ташкилотлар яхши ходим излаб юришибди. Ғалати а?

Фото: Yeni Safak

Ўзи қандай одам ишсиз саналади? Ишсизлик — ишлаш лаёқатига эга бўлган ва меҳнат қилиш истагини билдирган иқтисодий фаол фуқароларнинг иш топа олмаслиги.

Ишсизлик жуда кўп муаммоларга замин яратади — жиноятчилик ошади, оилаларда нотинчлик пайдо бўлади, болаларнинг тарбияси бузилади. Ишсизликнинг маълум даражага етиши ҳатто давлатчилик таназзулига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яъни бу ерда иллатли доира пайдо бўлади: ишсизлар кўпайиши давлатни заиф қилади, заиф давлатда эса ишсизлар янада кўпаяди. Лекин дунёнинг хоҳ ривожланган, хоҳ ривожланаётган бирор давлати йўқки, ишсизлик муаммоси бўлмаса.

Бизни кўпроқ ўзимиздаги ҳолат қизиқтиради. Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра, ишга лаёқатли аҳолининг тахминан 10 фоизи ишсиз. Яъни ички меҳнат бозорида банд бўлганлар, четга кетганлардан ташқари 1,5 млн нафарга яқин фуқаро ишсиз ҳисобланади.

Ишсизлик жиддий муаммо эканлиги, унга қарши астойдил курашиш зарурлигини эътироф этган ҳолда, бугун масалага иккинчи тарафдан ёндашиб кўрамиз.

Бугун аксарият ташкилотлар, айниқса нодавлат компаниялар яхши ходимлар қидириб, бўш иш ўринлари ҳақида эълонларни мунтазам жойлаштириб боришади. Энг катта иш берувчи бўлган давлат тизимида ҳам вакант талайгина.

Мисолга эътибор беринг: Тошкент вилоятида 130 минг аҳоли ишсиз, келгуси беш йилда 270 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Айни пайтда вилоятда 8 минг педагог, 11 минг муҳандис ва технологлар, 3 минг агроном ва ветеринар, 7 мингдан зиёд IT соҳасида, геология ва қурилиш-лойиҳалаш соҳаларида кадрлар етишмайди.

Бу президентнинг Тошкент вилоятига ташрифидаги нутқидан, яъни биринчи манбадан олинган маълумотлар.

Кимдир муттасил иш излайди, қайсидир ташкилотлар эса малакали ходимга зор. Хўш, нега шунақа? Албатта, маош камлиги, иш шароитларини оғирлиги, географик ноқулайлик каби жиддий сабаблар бор. Лекин танганинг иккинчи тарафига эътибор берилса, бошқа жиддий сабабларни ҳам кўриш мумкин: сабр-тоқат йўқлиги, малака етишмаслиги, нореал орзулар шулар жумласидан.

Афсуски, жуда кўпчилик ёшлар, яъни меҳнат бозорини муттасил тўлдириб бораётганлар амалда имконсиз талаблар билан ҳам қимматли вақтларини, ҳам яхши имкониятларини йўқотади. Чунки ҳеч ким ёш мутахассисни дипломи борлиги учунгина, ёки шу одам ишсизлиги учунгина (дейлик) 10 млн сўм маош билан кутиб ўтирмайди.

Ҳар қандай ишга ва маошга талабгор зарур бўлса энг қуйи поғонадан бошлаб ўзини кўрсата билиши лозим ва ҳатто шарт бу. Нега? Чунки қийинчиликлар инсонни тоблайди, мутахассис соҳага оид зарур кўникмаларга эга бўлади, шу пайтгача ота-онаси қарамоғида юрганида ҳис қилмаган нарсани — пул осон топилмаслигини англаб етади. Энг муҳими – вақт ўтгани сайин туртина-суртина тажрибасини ошириб боради.

Сабот билан ишлаган, билими ва салоҳияти чиндан бўлган мутахассис ҳар қандай ташкилотда ўз ўрнини топа боради. Табиийки, маошлар ҳам ошади, ҳеч ким бундай ходимни қўйиб юборгиси келмайди. Вақт келиб лавозим ҳам кўтарилади, катта даромад ҳам топилади, бошқа жойлардан яхши таклифлар ҳам келиб туша бошлайди.

Бугунги вазият қанақа? Ўзбекистон аҳолиси жадал кўпаяётган, ҳар йили ўртача 700 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келаётган мамлакат. Албатта, уларнинг ҳаммасини иш билан таъминлаб бориш имконсиз. Лекин ҳеч бўлмаса бўш иш ўринларини банд қилишга нима тўсқинлик қилмоқда?

«Иш йўқ, бор ишнинг ойлиги кам», дея нолиш билан нимани ўзгартириш мумкин? Ўша оз маош олмайдиган, ёки бирор касб билан банд бўлмайдиган одамнинг мақоми озига қаноат қилганга ва яхшиликка умид қилаётганга тенг келмайди-ку?

Иш қидирганларнинг аксариятида «ҳар қандай ишга кириш учун албатта пора бериш зарур», деган догматик қараш бор. Унутманг: ҳар доим ҳам давлат асосий иш берувчи бўлиб қолмайди, нодавлат ташкилот эса ўзига ўзи зарар қилиб, пора олиш йўли билан кераксиз ходимни ишга олмайди.

Бу ерда муҳим бир жиҳатни эсдан чиқармаслик лозим — гап айнан меҳнатга тайёр, маълум даражада билим ва қобилиятга эга, қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтишга тайёрлар ҳақида кетмоқда. Ўзи бирор нарсани эплай олмайдиган, салоҳият ноль, аммо амбициялари уммон бўлганлар ҳақида эмас.

Битта Тошкент вилоятининг ўзидаги давлат ташкилотларида шунча иш ўрни бор экан, республика бўйича ишсизлик ва бўш иш ўринларига оид рақамларга қизиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан боғландик.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов Kun.uz’га тақдим қилган маълумотларга кўра, жорий йил 9 ой натижаси билан Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилган (ўтган йил шу даврда 11,1 фоиз), ишсизлар 1 миллион 417 мингта (ўтган йили 1 млн 912 минг).

Бўш иш ўринлари 234 мингни ташкил қилди, шундан 92 мингтаси давлат ташкилотлари, 142 мингтаси хусусий сектордаги субъектлар ҳисобига тўғри келади.

«Бўш иш ўрнига қўйилган минимал талаблар – 107,3 мингтаси олий (46 фоиз), 104 мингтаси (44 фоиз) ўрта махсус маълумотли кадрларга талаб қўйилган бўлса, 23,1 мингтаси (10 фоиз) махсус маълумот талаб қилмайдиган бўш иш ўринларини ташкил этади.

Хусусан, хизмат кўрсатишда — 54,7 минг, таълимда — 52,2 минг, саноат ишлаб чиқаришда — 48,9 минг, соғлиқни сақлашда — 21,9 минг, қурилишда — 15,7 минг, қишлоқ хўжалигида — 12,1 минг, молия-суғурта соҳасида — 5,7 минг, алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида — 4,6 минг, бошқа соҳаларда 18,3 минг бўш иш ўринлари мавжуд. Меҳнат органларига жорий йилда 842 минг нафар фуқаролар мурожаат қилган, уларнинг 61 минг нафари (7 фоиз) олий, 181 минг нафари (21 фоиз) ўрта махсус, 600 минг нафари (71 фоиз) ўрта маълумотли иш қидирувчилар ҳисобига тўғри келади.

Бундан маълум бўладики, меҳнат бозорида асосан олий ва ўрта махсус маълумот эга бўлган кадрларга эҳтиёж юқори бўлгани ҳолда, иш қидирувчиларнинг асосий қисми (74 фоиз) ўрта маълумотли иш қидирувчиларни ташкил этади.

Ўрта маълумотли иш қидирувчиларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида тегишли ўзгартиришлар киритилиб, 2 035та касбларга бўлган талаблар олий маълумотдан ўрта маълумотга туширилди. Бундан ташқари, олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринларига номзоднинг талаб этиладиган маълумоти бўлмаса-да, лекин амалий кўникма ва тажрибаси мавжуд бўлса, малакани баҳолаш марказларида имтиҳон топшириб, уларнинг гувоҳномаси билан ишга кириши мумкин.

Ишчи касблар бўйича яхши мутахассисларга талаб ва уларнинг иш ҳақи даражаси ҳам ошмоқда. Касблар бўйича ҳисобчи — 8,4 минг (3,6 фоиз), ҳайдовчи — 8,6 минг (3,7 фоиз), тикувчи — 7,4 минг (3,2 фоиз), мактабгача таълим муассасаларида тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси — 5,7 минг (2,4 фоиз), муҳандис — 3,1 минг (1,3), чилангар — 3,8 минг (1,6 фоиз), ошпаз — 2,4 минг (1 фоиз), дурадгор — 4,9 минг (2,1 фоиз), сотувчи 2,1 минг (1 фоиз) ва ҳоказоларга талаб мавжуд.

Хўш, савол туғилади мумкин, ушбу касбларга қаерда ўрганиш мумкин?

Меҳнат вазирлиги тасарруфида барча ҳудудларда ташкил этилган 16та «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда 59та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият юритиб келмоқда. Йил бошидан 97 минг нафар банд бўлмаган фуқаролар (шундан 67 минг нафар аёллар) бепул касб-ҳунарга ўқитилди ҳамда улар таркибидаги ишсизларга ўқиш даврида 50 млрд сўм стипендия тўлаб берилди», дейди Муҳитдинов суҳбат чоғида.

Кўриниб турибдики, ҳозир камида 230 мингта тасдиқланган, маоши оз бўлса-да, мунтазам, доимий иш ўринлари ўз эгаларини кутмоқда. Ўзбекистонда сантехник, слесарь, пайвандчи, электрик каби бир қарашда оддий касбларда ҳам катта етишмовчилик мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Уй таъмирлайдиганлар ёки қурадиганлар буни жуда яхши ҳис қилишади. Аммо ёшларнинг аксарияти узоқ ўқиш ва тажриба талаб қилмайдиган, лекин яхши даромад келтирадиган бундай касбларни писанд қилмайдилар.

Марҳум Анвар қори Турсунов ўз маърузаларидан бирида шундай деганди: «Бир йигитни ишга жойлаштирмоқчи бўлдик. «Домла, ойлиги 600 минг сўм экан, бола-чақамни қандай боқаман?», – деди. «Ука, барибир бекор ҳам юрибсиз, яхши ният билан бошлаб тураверинг, уёғи Аллоҳдан» дея оқ фотиҳа бердик. Бу йил шу йигит ўзидан орттириб муҳтожларга закот ҳам берди...»

Хулоса ўзингиздан.                                                                                               

Аброр Зоҳидов

Top